Logo

36 доллардан 300 долларгача: Марказий Осиёда пенсионерларга қанча тўланади?

Минтақада пенсия миқдори мамлакатлар ўртасида сезиларли фарқ қилади. Айрим давлатларда ўртача тўлов 150 доллардан ошса, бошқаларида бу кўрсаткич анча паст.

36 доллардан 300 долларгача: Марказий Осиёда пенсионерларга қанча тўланади? © РИА Новости

Марказий Осиё мамлакатларида пенсия таъминоти, тўловлар миқдори ва нафақага чиқиш ёшлари бир-биридан фарқ қилади. 2026-йилда минтақанинг айрим давлатларида пенсиялар индексация қилинди, бошқаларида эса тизимни ислоҳ қилиш режалари муҳокама қилинмоқда. Қуйида бешта давлатдаги пенсия миқдорлари АҚШ долларида таққосланади.

Ўзбекистон

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2026-йил 1-июл ҳолатига энг кам ёшга доир пенсия ойига 983 минг сўм ёки тахминан 83 доллар, энг кам ногиронлик пенсияси эса 1 миллион 83 минг сўм ёки 91 доллар этиб белгиланган. 

Иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолда тайинланадиган ёшга доир пенсия миқдори 878 минг сўм ёки 74 доллар, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори эса 504 минг сўм ёки 43 долларга тенг. Ўртача пенсия 1,7 миллион сўм, яъни тахминан 143 долларни ташкил этади. Мамлакатда пенсия олувчилар сони 4,35 миллион нафардан ошган.

Тожикистон

Тожикистонда эса 2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, ўртача пенсия 505,67 сомонийни, яъни тахминан 55 долларни ташкил этган. Мамлакатда 893 мингдан ортиқ пенсионер рўйхатга олинган. Ўртача меҳнат пенсияси 646 сомоний ёки 70 доллар, суғурта пенсияси 512 сомоний ёки 56 доллар, ижтимоий пенсия эса 352 сомоний ёки 38 долларга тенг.

Қозоғистон

Қозоғистонда пенсия миқдори кишининг иш стажи, пенсиядан олдинги даромади ҳамда жамғармаларига қараб турлича белгиланади. Мамлакатдаги пенсионерларнинг умумий сони 2,5 миллион нафардан зиёдни (тахминан 2,53 – 2,54 миллион киши) ташкил қилади. Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, умумий ўртача ойлик пенсия миқдори 350 доллар (157 843 )тенгени ташкил этади ва бу суммага базавий, бирдамлик ва жамғарма пенсиялари киради.

Базавий пенсиянинг минимал миқдори: 79 доллар (35 596 тенге).   Ёшга доир бирдамлик пенсиянинг минимал миқдори (тўлиқ иш стажига эга бўлганлар учун): 153 доллар (69 049 тенге).

Жамғариб бориладиган пенсия – фуқароларнинг шахсий пенсия жамғармалари ҳисобидан тўланади ва улар томонидан тўпланган маблағ миқдорига боғлиқ бўлади.

Қирғизистон

Қирғизистонда энг кам пенсия 8 минг 800 сом ёки тахминан 101 долларга, ўртача пенсия эса 12 минг 898 сом ёки 147 долларга етган. Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 826,5 минг пенсионер бор.

Туркманистон

Туркманистонда энг кам пенсиянинг базавий миқдори 550 манатни ташкил этади. Расмий курс бўйича бу тахминан 157 долларга тенг. Уруш қатнашчилари учун энг кам пенсия 2 280 манат ёки 651 доллар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фронт орти меҳнаткашлари учун эса 665 манат ёки 190 доллар этиб кўрсатилган. Мамлакатда энг кам иш ҳақи 1 410 манат ёки 403 долларга тенг. Туркманистонда расмий давлат органлари томонидан мамлакатдаги жами пенсионерларнинг аниқ умумий сони очиқ статистика сифатида мунтазам равишда кенг эълон қилинмайди. БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда 65 ёшдан ошган фуқаролар (қарияларнинг умумий сони) тахминан 366 минг нафарни ташкил этади (бу умумий аҳолининг қарийб 4,8 фоизига тенг).

Пенсия ёши 

Пенсияга чиқиш ёши ҳам минтақада бир хил эмас. Қозоғистонда эркаклар 63 ёшда, аёллар 61 ёшда; Ўзбекистонда эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқади. Қирғизистон ва Тожикистонда бу кўрсаткич эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш. Туркманистонда эса эркаклар 62 ёшда, аёллар 57 ёшда пенсия олиши мумкин.

Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш, минимал иш стажини узайтириш ва пенсия ҳисобида иш ҳақининг узоқроқ даврини инобатга олиш бўйича таклифлар муҳокама қилинмоқда. 

Лойиҳага кўра, 2027-йил 1-январдан пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақи даври босқичма-босқич узайтирилиб, 20 йилга етказилади. Бунда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажи ҳам босқичма-босқич оширилади. Ҳозирги 7 йиллик минимал стаж ҳар йили бир йилдан қўшиб борилиб, 2034-йилда 15 йилга етказилиши кўзда тутилган. 2028-йил 1-январдан эса пенсия ёши ҳар йили уч ойдан ошириб борилади. Натижада 2039-йилга бориб эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшга, аёллар учун 58 ёшга етказилиши таклиф этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid