Logo

8 йилга қамалган собиқ имом Одилхон Исмоилов озодликка чиқди

Bugun 21:412 daqiqa

«Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоиловга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли жазога алмаштирилди. Апелляция инстанцияси қарори билан у суд залидан озод этилди.

8 йилга қамалган собиқ имом Одилхон Исмоилов озодликка чиқди © Odilxon Ismoilov / Foto: Xalqaro press klub

«Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоилов қамоқдан озод қилинди. Намaнган вилояти судининг апелляция инстанцияси унга тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, уч йиллик синов муддати белгилади. Бу ҳақда Наманган вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.

Апелляция суди қарорида жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилгани, шунингдек, бошқа ҳолатлар инобатга олинган. Суд Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича тайинланган жазони ўзгартириб, уни шартли деб ҳисоблаган.

Одилхон Исмоилов нима учун қамалган эди?

2026 йил 20 июль куни Поп туман жиноят ишлари бўйича суди Одилхон Исмоилов ва яна олти нафар судланувчига нисбатан ҳукм чиқарган эди. Исмоилов ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган.

Биринчи инстанция суди унга саккиз йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жиноят кодексининг 62-моддаси қоидалари ҳисобга олинганида, жазо муддати 7 йил 11 ой 28 кунни ташкил этган. Қолган судланувчиларга ҳам жиноий ҳаракатларидан келиб чиқиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари берилган.

Суд ҳукмига кўра, жиноят иши доирасида етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган эди.

Исмоилов 2026 йил январь ойида қамоққа олинган. Тергов давомида унга Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид моддалар бўйича айбловлар қўйилган эди.

Одилхон Исмоилов ким?


Одилхон Исмоилов 1977 йилда Наманган вилоятида туғилган. У жамоатчиликка собиқ имом-хатиб ва «Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси сифатида танилган.

У 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари бўлиб ишлаган. 2011 йилдан 2018 йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби вазифаларини бажарган.

2018 йил июлида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уни лавозимидан озод этган. Идора бу қарорга Исмоиловнинг интернет орқали тасдиқланмаган хабарларни тарқатгани ва соғлиғи сабабли вазифаларини бажаришда қийналганини асос қилиб кўрсатган.

2019 йилдан у «Вақф» хайрия жамоат фондида фаолият юритган. Ўша йилнинг февралида Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» масжидига имом-хатиб этиб тайинланган, сентябрь ойида эса соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.

Teglar

Mavzuga oid