Logo

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефонда суҳбатлашди

Улар олий даражадаги бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефонда суҳбатлашди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон томонидан Авазада бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви, МДҲ саммити ва Каспий экологик форумига самарали раислик қилингани ҳамда уларни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Туркманистоннинг минтақавий мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ролини яна бир бор намоён этган мазкур тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Эришилган келишувлар минтақада изчил тараққиёт ва осойишталикни таъминлашга қаратилган шерикликнинг янги истиқболларини очмоқда.

Суҳбат давомида изчил ривожланиб, амалий мазмун билан бойиб бораётган Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигининг барқарор ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Авазада Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини ташкил этиш тўғрисида тарихий шартнома имзоланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу механизмни ишга тушириш икки томонлама кун тартибининг устувор йўналишлари бўйича саъй-ҳаракатларни тизимли мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Етакчилар олий даражадаги бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.

Якунда кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, муштарак тарих ва маданий анъаналарга асосланган Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини изчил ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни янада мустаҳкамлашга ўзаро интилиш қатъий экани таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid