Абдуқодир Ҳусанов Англиядаги илк совринини қўлга киритди
Абдуқодир Ҳусанов ўйинни асосий таркибда бошлади ва майдонда тўлиқ ҳаракат қилди.

Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳаракат қилаётган «Манчестер Сити» жамоаси Англия Лига кубоги финалида «Арсенал» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бош совринга эга чиқди. Бу Ҳусанов учун Англиядаги илк соврин бўлди.

22 март куни Лондондаги «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтган баҳсда «шаҳарликлар» тарихда тўққизинчи бор ушбу кубокни қўлга киритди. Учрашувда иккала голга ҳам Нико О’Райли муаллифлик қилди.
Ўйин тафсилотлари
Абдуқодир Ҳусанов ўйинни асосий таркибда бошлади ва майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. У 32-дақиқада Йокерешга нисбатан ишлатган қўполлиги учун ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Дастлабки дақиқаларда «Арсенал» фаолроқ ҳаракат қилиб, Ҳавертс ва Сака орқали хавфли вазиятлар яратди, бироқ якуний зарбаларда аниқлик етишмади. «Манчестер Сити» эса секин-аста ўйин темпини пасайтириб, мувозанатни тиклади.
Ҳал қилувчи дақиқалар
Иккинчи бўлимда «Манчестер Сити» босимни оширди. 60-дақиқада жарима майдонига узатилган тўпда дарвозабон Кепа чиқишда хатога йўл қўйди ва Нико О’Райли вазиятдан фойдаланиб ҳисобни очди.
Орадан тўрт дақиқа ўтиб, 64-дақиқада Нунеснинг узатмасидан сўнг О’Райли бош билан рақиб дарвозасини иккинчи бор ишғол қилиб, дублни расмийлаштирди. Шундан сўнг «Манчестер Сити» ўйин назоратини тўлиқ ўз қўлида ушлаб қолди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабани таъминлади.