Абонент розилигисиз дастлаб бепул бўлган хизматларни пулли қилишга йўл қўйилмайди
Мобил алоқа хизмати қоидалари ўзгартирилди: рақамни сақлаб қолган ҳолда бошқа компанияга ўтиш 20 дақиқа ичида амалга оширилади.

Энди алоқа операторларининг абонент розилигисиз дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказган Рақамли технологиялар вазирлигининг Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини янги таҳририда келтирилган.
Қоидаларга кўра, абонент – жисмоний шахсдан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва хизмат учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) келтириш тақиқланади.
Абонентлар Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига кеча-кундуз бепул қўнғироқ қилишлари мумкин.
Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш энди хизмат кўрсатиш пунктларида 8 иш соатида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга оширилади.
Янги тартиб
Мобил алоқа абонентларига пуллик қўшимча хизматларга обуна бўлиш бўйича контент хизматлари кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби белгиланди:
• хизматларни активация қилиш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD кодлар орқали амалга оширилади;
• абонентларнинг розилик тасдиғини олмасдан хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди;
• контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.
Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин кучга киради.





