
Аэропортлар номи давлат тили қоидаларига мослаштирилади
Автовокзал ва автотураргоҳларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда аэропортлар, автовокзаллар ва автотураргоҳлар номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мослаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу қарор транспорт инфратузилмаси объектлари номларини миллий тил талабларига мувофиқлаштириш орқали ягона тил сиёсати ва ахборот муҳитини шакллантиришни кўзда тутади.
Қарорга мувофиқ, мамлакат бўйлаб давлат тили қоида ва меъёрларига мослаштириладиган 161 та аэропорт, автовокзал ва автотураргоҳ номи тасдиқланди. Шунингдек, янги ном бериладиган объектлар рўйхати ҳам шакллантирилиб, унга 21 та аэропорт, автовокзал ва автотураргоҳ киритилди. Бу ўзгаришлар транспорт инфратузилмасида номланишдаги турлиликни бартараф этишга қаратилган.
Хусусан, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Тошкент—Шарқий аэропорти Тошкент—Ҳумо деб қайта номланди. 2024-йилнинг ноябрида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги аеропортнинг биринчи меҳмони бўлганди.
Ҳукумат қарорида белгиланишича, Транспорт вазирлиги Uzbekistan Airports, Uzbekiston Airways, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазилар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан уч ой муддатда
Аеропортлар, вокзаллар ва автотураргоҳлар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилишини;
Аеропортлар, вокзаллар ва автотураргоҳларга ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлайди.
Автовокзал ва автотураргоҳларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши белгиланди.





