Logo

Афғонистон тадбиркорлари учун Ўзбекистон авиақатновлари орқали «яшил йўлак» очилиши мумкин

Bugun 21:552 daqiqa

Сурхондарё вилояти ҳокимининг айтишича, Афғонистонлик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг амалдаги халқаро авиақатновларидан фойдаланиш имконини берувчи «яшил йўлак» яратишни сўрамоқда.

Афғонистон тадбиркорлари учун Ўзбекистон авиақатновлари орқали «яшил йўлак» очилиши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июл куни Трансафғон темир йўли логистика тизимидаги муаммолар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дея ёзмоқда Gazeta.uz.

Қосимовга кўра, йиғилишда чегараолди логистикасини ривожлантириш, имтиёзлар тақдим этиш ва логистика маркази учун ер ажратишни назарда тутувчи янги қарор лойиҳаси муҳокама қилинган.

«Афғонистон билан чегарамизда бор-йўғи 4 та йўлак бор эди — уларнинг сони 12 тага етказилди. Ўтказувчанлик қуввати 350−400 та юк машинасини ташкил этган бўлса, энди у 1000−1200 тага оширилди. Вагон ташиш бўйича кўрсаткич кунига 250 тадан деярли 500 тагача ўсди», — деган Улуғбек Қосимов.


Шунингдек, у дарё порти орқали юк ташиш ҳажми ортганини айтди. Таъкидланишича, ўтган йили дарё порти орқали 250 минг тоннадан ортиқ юк ташилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 220 минг тоннани ташкил этган.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, логистика хизматларига талаб ҳам хорижий инвесторлар, ҳам маҳаллий тадбиркорлар томонидан ортиб бормоқда.

«Айнан шу қарор билан бир қатор имтиёзлар берилмоқда, ер ажратилмоқда. Марказни ташкил этиш учун айнан чегараолди ҳудудидан 50 гектар ер ажратиляпти. Шунингдек, биз афғон тадбиркорлари ва ўзимизнинг логистика компаниялари талаблари бўйича илтимосномалар киритдик ва улар тўлиқ қаноатлантирилди», — деди у.

Улуғбек Қосимов афғонистонлик тадбиркорлар ўзлари учун «яшил йўлак» яратишни сўраётганини маълум қилди.

«Бу нима дегани? Бу бизнинг амалдаги халқаро авиақатновларимиздан фойдаланиш ҳуқуқи демакдир. Бунга розилик берилди, ҳозир комиссия тузилади», — деди у.


Ҳокимнинг сўзларига кўра, иккинчи масала Афғонистондан маҳсулотларни реэкспорт қилиш билан боғлиқ бўлди.

«Биласиз, Афғонистонда жуда кўп маҳсулот, органик маҳсулотлар етиштирилади. Биз уларни сотишда юзага келадиган муаммолар юзасидан таклифлар киритдик. Улар ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланди, комиссия тузилади», — деб қайд этди Улуғбек Қосимов.

«Муҳтарам президентимиз юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиб бердилар. Тадбиркорлар учун жуда катта қулайликлар яратилди. Ўйлайманки, бу қарор қизиқишни янада оширади», — дея қўшимча қилди Сурхондарё вилояти ҳокими.

Teglar

Mavzuga oid

Афғонистон тадбиркорлари учун Ўзбекистон авиақатновлари орқали «яшил йўлак» очилиши мумкин | Vaqt.uz