add

Афғонистонда ўзбек тилига чеклов йўқ: Расмий Тошкент хавотирларга чек қўйди

06.01.2026 | 21:062 daqiqa

Афғонистонда ўзбек тилидан фойдаланишга тақиқ қўйилгани ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон ТИВ томонидан ўрганилди.

Афғонистонда ўзбек тилига чеклов йўқ: Расмий Тошкент хавотирларга чек қўйди

Ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи, ундан кенг ва самарали фойдаланиш ҳамда она тилимизни жаҳон ҳамжамиятида муносиб тарғиб этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир ва доимий эътибор марказимизда бўлиб келмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига чекловлар жорий этилаётгани айтилган хабарлар тарқалганди. Мазкур маълумотлар ўзбек жамоатчилигида табиий равишда муайян хавотир уйғотганди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида вазирликнинг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан вазиятга ойдинлик киритган.

«Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этди», - дея ёзди ТИВ расмийси Аҳрор Бурҳонов.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади.

Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган.

Қўшимча қилинишича, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида “Ўзбек тили ва адабиёти” факултетини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid