АҚШ Эронга зарба беришга тайёр — ОАВ

19.02.2026 | 20:062 daqiqa

Хабарларга кўра, Исроилда ҳам аллақачон урушга тайёргарлик кўришни бошлашган.

АҚШ Эронга зарба беришга тайёр — ОАВ

Америка ҳарбийлари келаётган шанба, 21 феврал куни Эронга зарба беришга тайёр. Бу ҳақда «CBS News» телеканали ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Телеканал билан аноним тарзда суҳбатлашган мулозимларнинг сўзларига кўра, Трамп зарбалар борасида ҳали якуний қарор қабул қилмаган, бироқ ҳозирда Яқин Шарқда бўлиб турган ҳарбийлар ҳужум бошлашга тўлиқ тайёр эканини маълум қилишган.

Қайд этилишича, Оқ уй эскалация хавфини ҳамда сиёсий ва ҳарбий оқибатларни чамаламоқда. Бир неча расмий шахсларнинг айтишича, шу ҳафтада Пентагон АҚШ ўз операциясини давом эттиришга қарор қилган тақдирда Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлар ёки аксилҳужумлар олдидан ходимларнинг бир қисмини Яқин Шарқдан Европага ёки ортга, Қўшма Штатларга вақтинча кўчиришни бошлаган.

«АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий фаоллиги арафасида кучлар ва шахсий таркибнинг кўчирилиши Пентагоннинг стандарт амалиёти ҳисобланади ва бу албатта Эронга ҳужум қилиш муқаррарлигини англатмайди», - дея тушунтириш берган манбалардан бири журналистларга.

Тайёрланаётган зарбалар ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

Огоҳлантиришлар

Январ ойи охирида АҚШ президенти Эрон ҳукуматини ядровий келишув тузишга чақирган эди. Трамп навбатдаги ҳужум 2025 йил ёзидаги «Ярим тун болғаси» (Operation Midnight Hammer) операциясидан кўра кучлироқ бўлиши билан таҳдид қилган. Ўтган ҳафтада эса ОАВ АҚШ Яқин Шарққа яна бир авиаташувчи кема юбориши ҳақида ёзган эди.

Шу билан бирга, Исроил ОАВларининг ёзишича, Исроилда аллақачон урушга тайёргарлик кўришни бошлашган. Россия ТИВ эса, агар АҚШ Эронга зарба берса, «ядровий инцидент хавфи» борлигини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid