
АҚШ ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди
«Озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошқа зарур нарсаларни захира қилинг», - дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.

Америка Қўшма Штатларининг Эрондаги элчихонаси ўз сайтида огоҳлантириш эълон қилиб, ўз фуқароларини Ислом Республикасини зудлик билан тарк этишга чақирди. Идора маълумотларига кўра, ҳозирда Эронда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, йўллар тўсилган, жамоат транспорти иши бузилган ва интернет блокланган.
«Эрон ҳукумати мобил, стационар ва миллий интернет тармоғига киришни чеклашда давом этмоқда. Авиакомпаниялар Эронга ва Эрондан амалга ошириладиган рейсларни чекламоқда ёки бекор қилмоқда. АҚШ фуқаролари интернет ишидаги узилишлар давом этишини кутишлари, алоқанинг муқобил воситаларини режалаштиришлари ва агар хавфсиз бўлса, Эрондан қуруқлик орқали Арманистон ёки Туркияга чиқиб кетиш имкониятини кўриб чиқишлари керак», - дейилади хабарда.
Мамлакатни зудлик билан тарк этинг
Шундан сўнг элчихона Эронни зудлик билан тарк этишга ёки «АҚШ ҳукумати ёрдамига боғлиқ бўлмаган Эрондан чиқиб кетиш режасини» ишлаб чиқишга чақирди.
«Рейслар жадвалидаги бекор қилишлар ва узилишлар олдиндан огоҳлантиришсиз юз бериши мумкин. Долзарб маълумот олиш учун бевосита ўз авиакомпанияларингизга мурожаат қилинг», - деб огоҳлантирди элчихона.
Қолишга мажбур бўлганлар учун муҳим тавсиялар
Шу билан бирга, ҳозирда мамлакатни тарк эта олмайдиган фуқароларни ўз уйлари ичида ёки бошқа бинода хавфсиз жой топишга чақиришди.
«Озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошқа зарур нарсаларни захира қилинг. Сўнгги янгиликлардан бохабар бўлиш учун маҳаллий ОАВни кузатиб боринг. Режаларингизни ўзгартиришга тайёр туринг. Телефонингизни қувватланган ҳолда тутинг ва оилангиз ҳамда дўстларингизга ҳолатингиз ҳақида хабар бериш учун улар билан алоқада бўлинг», - деб маслаҳат берди идора.
Ҳарбий таҳдидлар
Аввалроқ Би-би-си рус хизмати Форс кўрфази ҳудудига, Эрон қирғоқларига Америка авиаташувчи гуруҳи келгани ҳақида хабар берган эди. Бундан олдин эронлик депутат, агар Эронга нисбатан ҳарбий куч ишлатилса, Америка ҳарбий хизматчиларини оилалари билан хайрлашишга чақирган эди.
Январ ойи охирида эса АҚШ президенти Эрон ҳукуматини ядровий келишув тузишга чақирганди. Трамп навбатдаги ҳужум 2025 йил ёзидаги «Ярим тунги болға» операциясидан ҳам кучлироқ бўлиши билан таҳдид қилган.





