АҚШ Ўзбекистоннинг иккита компаниясига виза беришни чеклади
Ноқонуний миграцияни ташкил этган Ўзбекистоннинг иккита компанияси раҳбарлари ва юқори лавозимдаги ходимларига виза чеклови жорий қилинди.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда фаолият юритган айрим шахсларга нисбатан виза чекловлари жорий этилганини маълум қилди. Чекловлар АҚШга ноқонуний миграцияни ташкил этишда кўмаклашган икки виза хизматлари компаниясининг раҳбарлари ва юқори лавозимдаги ходимларига нисбатан қўлланилади.
Расмий баёнотга кўра, мазкур шахслар АҚШ ҳудудига ноқонуний киришни режалаштирганлар учун саёҳат хизматларини ташкил этган. Тергов маълумотларига асосан, улар хориж фуқаролари, жумладан вояга етмаганларни Марказий Америкадаги транзит нуқталар орқали ташиш ва йўналтириш ишларини мувофиқлаштирган.
Кейинчалик бу шахсларнинг катта қисми АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтда қўлга олинган. Вашингтон бу ҳолатни мамлакат миллий хавфсизлиги ва миграция сиёсатига таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Департамент баёноти
Виза чекловлари АҚШ Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 212 (a) (3) (C) моддаси асосида амалга оширилмоқда. Ушбу норма АҚШ ташқи сиёсатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш имконини беради.
«Қўшма Штатлар ўз миллий хавфсизлиги ёки иммиграция қонунларига путур етказишга бўлган ҳар қандай уринишга тоқат қилмайди. Департамент ноқонуний иммиграциядан фойда кўраётганларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлайди ва биз чегараларимиз ҳамда миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун одам савдоси тармоқларига қарши кескин кураш олиб борамиз», дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Вашингтон ноқонуний миграцияга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни юқори баҳолаб, расмий Тошкентга миннатдорлик билдирди.





