add

АҚШ Россиянинг Африкадаги таъсирига қарши ҳаракат бошлади

Kecha 22:102 daqiqa

Вашингтон Саҳел минтақасидаги «шахмат тахтаси»да кутилмаган юришни амалга оширди. Оқ уй анъанавий демократия дарсларини четга суриб, Россиянинг минтақадаги ҳарбий монополиясини жиловлаш учун мулоқотга тайёр.

АҚШ Россиянинг Африкадаги таъсирига қарши ҳаракат бошлади

АҚШ Давлат департаменти ўз вакилининг Малига кутилаётган ташрифини эълон қилди ҳамда Буркина-Фасо ва Нигер расмийлари билан мулоқотга тайёрлигини билдирди. Бу орқали Вашингтон «икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишини белгилаш» ва ушбу мамлакатларда Москванинг кучайиб бораётган таъсирини жиловлаш ниятида. Бу ҳақда Би-би-си хабар бермоқда

АҚШнинг Мали, Буркина-Фасо ва Нигер бўйича янги қадами

«Бюронинг юқори лавозимли ходими Ник Чекер Қўшма Штатларнинг Мали суверенитетига нисбатан ҳурматини ифодалаш, шунингдек, икки томонлама муносабатларда янги йўналишни белгилаш ҳамда ўтмишдаги хатоларни бартараф этиш истагини билдириш учун Бамако шаҳрига йўл олмоқда. Қўшма Штатлар АҚШ ва Мали ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича навбатдаги қадамларни муҳокама қилишни ҳамда минтақадаги бошқа ҳукуматлар, жумладан, Буркина-Фасо ва Нигер билан хавфсизлик ҳамда иқтисодиёт соҳасидаги умумий манфаатлар юзасидан маслаҳатлашиш имкониятини интизорлик билан кутмоқда», – дейилади Давлат департаменти хабарида.

Вашингтоннинг Саҳел минтақасига ёндашуви ўзгармоқда

Нашрнинг қайд этишича, мазкур баёнот Оқ уйнинг Саҳел минтақаси мамлакатларига нисбатан ёндашуви сезиларли даражада ўзгарганидан далолат беради. Таъкидланишича, Давлат департаменти АҚШ учун анъанавий бўлган демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларига алоҳида урғу бермаяпти. Бу эса маҳаллий ҳукуматларнинг Европа бошқарув моделидан воз кечиши Вашингтон томонидан асосий муаммо сифатида кўрилмаётганига ишора қилади.

Би-би-си тахминича, Мали суверенитети эътироф этилиши ҳақидаги баёнот Бамако ва унга иттифоқдош пойтахтларда ижобий қабул қилиниши эҳтимоли юқори. Зеро, ушбу мамлакатлардаги ҳарбий етакчилар пан-Африка ғояларига таяниб ҳамда собиқ мустамлакачи давлат бўлмиш Франциядан узоқлашган ҳолда ўз мавқеларини мустаҳкамлаган.

«Президент Доналд Трамп маъмурияти Россиянинг Мали, Нигер ва Буркина-Фасо учун хавфсизлик соҳасидаги ягона ташқи ҳамкор бўлиб қолишига йўл қўймасликка интилмоқда», - дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳозирги Оқ уй Россиянинг ҳарбий иштирокини минтақавий барқарорлик ёки инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри таҳдид деб ҳисобламаётгани қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid