Logo

Авиарейс кечикса, йўловчиларга компенсация тўланадими? Рақобат қўмитаси ўрганиш бошлади

Bugun 22:271 daqiqa

2026-йилнинг биринчи ярмида ҳаво транспорти хизматлари бўйича истеъмолчилар мурожаатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 баробар кўпайиб, 300 тадан ошди. Мурожаатларда рейсларнинг бир неча соатга кечикиши, йўловчиларга ўз вақтида ахборот берилмаслиги ва сифатсиз хизмат кўрсатилиши каби ҳолатлар қайд этилган.

Авиарейс кечикса, йўловчиларга компенсация тўланадими? Рақобат қўмитаси ўрганиш бошлади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, 2026-йил январь–июнь ойларида ҳаво транспорти хизматлари бўйича истеъмолчилардан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 баробар кўп.

Мурожаатларда асосан авиарейсларнинг бир неча соатга кечикиши, йўловчиларга рейс ҳолати ҳақида ўз вақтида ва аниқ маълумот берилмаслиги, хизматлар сифатининг пастлиги ҳамда амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олинишига оид шикоятлар билдирилган.

Қўмита ўрганишлари давомида айрим ҳолатларда ташувчининг айби билан кечиккан рейслар бўйича йўловчиларга компенсация ёки муқобил ечим таклиф этилмагани аниқланган.

Қайд этилишича, бундай ҳолатлар фуқароларнинг вақти, маблағи ва режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси маҳаллий авиарейслар ташувчининг айби билан кечиккан ҳолатларда йўловчиларга компенсация тўланиши, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатларини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.

Қўмита авиакомпанияларга рақамли платформаларидаги ахборотларни тўлиқ тақдим этиш ва уларни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш зарурлигини эслатди.

Фуқаролардан эса ҳаво транспорти хизматлари билан боғлиқ ўз таклиф ва эътирозларини Рақобат қўмитасига юбориш сўралaди.

Teglar

Mavzuga oid