
Австралия изидан: Қозоғистон ҳам болаларни телефондан узоқлаштирмоқчи
Қозоғистон ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қарор қилди.

Қозоғистон Республикаси ҳукумати вояга етмаганларнинг интернетдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Мамлакат бош вазири ўринбосари — маданият ва ахборот вазири Аида Балаеванинг маълум қилишича, янги тартибга кўра, 16 ёшга тўлмаган болаларнинг онлайн платформаларда рўйхатдан ўтиши тақиқланиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси муҳокама босқичида
Қайд этилишича, мазкур ўзгартиришлар экспертизадан ўтказилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Уни самарали амалга ошириш учун Таълим вазирлиги ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш механизмларини ишлаб чиқиш, зарур ҳолларда жавобгарлик чораларини кўриш режалаштирилган.
Асосий мақсад — болаларни ҳимоя қилиш
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида ушбу тузатишлардан асосий мақсад «болаларни онлайн платформаларда тарқатиладиган зарарли ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилиш» экани айтилган.
Глобал тенденция
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Қозоғистон бу борада чекловлар жорий этаётган ягона давлат эмас, балки ушбу йўналишдаги глобал тенденцияга қўшилмоқда. Ҳозирда Буюк Британия, АҚШ, Хитой ва Австралия каби мамлакатларда ҳам вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг турли ёш чегаралари ва қатъий қоидалари амал қилмоқда ёки фаол муҳокама қилинмоқда.





