add

Аёллар хавфсизлиги ва уларга адолат борасида Ўзбекистон Марказий Осиёда сўнгги ўринда

07.01.2026 | 17:551 daqiqa

Women, Peace and Security Index халқаро индексида Ўзбекистонда аёллар хавфсизлик ва адолат борасида қўшни давлатлардан ортда қолаётганини кўрсатди.

Аёллар хавфсизлиги ва уларга адолат борасида Ўзбекистон Марказий Осиёда сўнгги ўринда

Американинг Жоржтаун университети томонидан тузиладиган Women, Peace and Security Index'нинг 2025–2026 йиллар учун эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 181 давлат орасида 98-ўринни эгаллади. Шу орқали мамлакат топ-100 таликка кирган бўлса-да, Марказий Осиё давлатлари ичида энг паст натижани қайд этди.

Рейтингга кўра, Қозоғистон 72-ўрин, Туркманистон 74-ўрин, Қирғизистон 84-ўрин ва Тожикистон 89-ўриндан жой олган. Ўзбекистоннинг умумий кўрсаткичи 0,674 баллни ташкил этиб, минтақа бўйича энг заиф натижа сифатида баҳоланган.

Индекс аёллар аҳволини уч асосий йўналиш — хавфсизлик, адолат ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирок даражаси орқали баҳолайди. Ҳисоботда Ўзбекистонда адолат кўрсаткичи 4 баллик шкалада 1,8 балл билан баҳолангани қайд этилган.

Шу билан бирга, индексда ижобий жиҳатлар ҳам кўрсатилган. Хусусан, мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш даражаси юқори экани, аёлларнинг ўртача таълим олиш муддати тахминан 11,8 йилни ташкил этиши эътироф этилган. Шунингдек, парламентда аёллар улуши қарийб 34 фоизга етгани ҳам қайд этилган.

Бироқ ҳисоботга кўра, турмуш ўртоғи томонидан содир этиладиган зўравонлик ҳолатлари тахминан 11 фоизни ташкил этади. Молиявий инклюзия даражаси эса 40 фоиздан паст баҳоланган.

Маълумот учун, рейтингда биринчи ўринни Дания эгаллаб, аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича энг яхши давлат сифатида қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid