add

Айрим пиротехника воситаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга рухсат берилади

Bugun 11:202 daqiqa

Пиротехника муомаласини тартибга солувчи янги қонунга кўра, Ўзбекистонда фақат хавфлиликнинг I синфига кирувчи пиротехника воситаларидан фойдаланиш ва сақлашга рухсат берилади.

Айрим пиротехника воситаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби қонунчилик асосида белгилаб қўйилди. Бу бўйича 13 январ куни «Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра пиротехника буюмлари пиротехник таркибнинг ёниши ёки портлаши натижасида оптик, акустик, электр ва бошқа визуал эффектларни ҳосил қилиш учун мўлжалланган қурилмалар ҳисобланади.

Ҳужжатда пиротехника буюмлари хавфлилик даражасига қараб I дан V синфгача бўлинган. Бунда хавфлилик зонаси ва атроф-муҳитга етказилиши мумкин бўлган зарар даражаси асосий мезон сифатида белгиланган.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида фақат хавфлиликнинг I синфига кирувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиб кириш, ташиш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ва қўллашга рухсат берилади. Бу турдаги маҳсулотлар нисбатан хавфсиз деб баҳоланган.

Айни пайтда хавфлиликнинг II–V синфларига мансуб пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, Ўзбекистонга олиб кириш, ташиш, жўнатиш, сотиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қатъий тақиқланади. Мазкур чеклов аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.

Пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, ички ишлар ва божхона органлари томонидан амалга оширилади. Ушбу идоралар қонун талабларига риоя этилишини таъминлайди.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid