Logo

Барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади

2026 йилда Ўзбекистон олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битиради. Президент мазкур ёшларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича янги механизмларни кўриб чиқди.

Барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда олий таълим қамрови кенгайгани натижасида меҳнат бозорига кириб келаётган ёш мутахассислар сони ҳам сезиларли ошган.

Тақдимотда битирувчилар билан индивидуал ишлаш, уларни иқтисодиёт тармоқларидаги бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва олийгоҳлардаги карьера марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

2025 йилда амалга оширилган «Келажакка қадам» дастури доирасида 6 мингдан зиёд лойиҳа учун 378 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу орқали қарийб 8 минг нафар битирувчининг бандлиги таъминланган.

Янги молиявий имкониятлар

2026 йилда мазкур дастурни янада кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, 8 мингдан ортиқ лойиҳани молиялаштириш учун 500 миллиард сўм ажратиш ва 10 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, «ТalabaExpo-2026» касб кўргазмаларини мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказиш, иш берувчилар ва тадбиркорларни фаол жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Битирувчиларнинг иш билан таъминланиши «career.edu.uz» платформаси орқали мониторинг қилиниб, жараён маҳаллий ҳокимликлар даражасигача туширилади.

Карера марказлари

Шу билан бирга, талабаларни иш билан банд қилишда олийгоҳ даражасида ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Барча олийгоҳларда карера марказлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, уларнинг самарадорлиги «Битирувчи сифати индекси» орқали баҳоланади. Энг юқори натижа кўрсатган 20 та олийгоҳ карера марказига 500 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

Шу билан бирга, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фани жорий этилади.

Президент мутасаддиларга мазкур ташаббусларни пухта ишлаб чиқиш ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid

Барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади | Vaqt.uz