add

«Бахти Ташкентский»нинг ўғли: «Пушаймонман»

Kecha 18:073 daqiqa

Жиноят оламида «Бахти Ташкентский» номи билан танилган «қонундаги ўғри»нинг колонияда жазо ўтаётган ўғли «Отамнинг йўлидан кетмоқчи эдим, пушаймонман», дея чиқиш қилди.


«Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли — 32 ёшли Бекзод Зафаровнинг чиқиши Ички ишлар вазирлиги томонидан махсус тайёрланган лавҳада намойиш этилди. Лавҳада маҳкумнинг жазони ўтаётган даврдаги кундалик ҳаёти, меҳнат фаолияти ҳамда йўл қўйилган хатоларидан чиқарган хулосалари ва пушаймонлиги акс этган.

«Бахти Ташкентский» ким?

Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев 1971 йил 19 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У оммавий ахборот воситаларда асосан «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган. Айрим манбаларда «Бахтишка» ҳамда «Янгиабадский» лақаблари билан ҳам тилга олинади.

Қудратуллаев Ўзбекистон жиноят оламида танилган шахслардан бири сифатида қайд этилган бўлиб, унинг фаолияти юзасидан бир қатор жиноий ишлар доирасида тергов ва суд жараёнлари ўтказилган.

Колониядаги ҳаёт

Лавҳада маълум қилинишича, Бекзод Зафаров жазони ўташ муассасасида хўжалик ва қурилиш ишлари билан шуғулланмоқда. Шунингдек, у ишлаб чиқариш корхонасида фойдали меҳнатга жалб қилинган бўлиб, цехларда ишлаш билан банд.

Бекзод Зафаров интервьюда жиноят йўлини танлагани катта хато бўлганини тан олиб, бир вақтлар отасининг йўлидан боришни, унинг ўрнини эгаллашни ўйлаганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, колониядаги ҳаёт унга қонун олдида ҳамма тенг эканини англатган. Ким бўлишидан қатъи назар, жиноят учун жавобгарлик муқаррар эканини энди тушунганини таъкидлайди.

Шунингдек, у жиноят оламидаги шахсларга эргашиш ҳеч қандай фойда келтирмаслигини таъкидлаб, ёшларни ҳалол меҳнат қилишга, ота-она ва жамият хизматида бўлишга чақирди. Унинг фикрича, инсон фақат бошига мусибат тушгандагина нимани йўқотганини англайди.

Бекзод Зафаров оиласи, айниқса фарзандлари ҳақида гапирар экан, катта ўғлининг яқин орада мактабга чиқишини, бироқ ўзи бу муҳим кунларда ёнида бўла олмаслигини энг катта армони сифатида тилга олади. Фарзандларининг ўсиб-улғайишини, ота сифатида масъулиятини тўлиқ бажара олмаганини, қизининг илк сўзларини, болалик онларини кўра олмаётганидан афсусда эканини билдиради.

У барча хатолар учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, бошқаларни айблаш нотўғри эканини айтади. Ҳалол меҳнат қилиб, бир касб эгаллаб, оила бағрида яшаш энг тўғри йўл бўлганини энди англаганини таъкидлайди.

Шунингдек, у қамоқхонадаги ҳаёт билан эркинликдаги оддий оилавий ҳаётни таққослар экан, ҳибсхонадаги шароитдан кўра, оила даврасида бир бурда нон ейиш минг марта афзал эканини алоҳида таъкидлайди.

«Бахти Ташкентский» иши

2024 йилда суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ, Баxтиёр Қудратуллаевга жазони ўташ даврида гиёҳвандликдан даволанишнинг мажбурий чоралари қўлланилиши белгиланди.

Бекзод Зафаров эса товламачилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этгани учун суд ҳукми билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Унинг укаси Ихтиёр Қудратуллаев ҳам 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 18

Barchasi

Mavzuga oid