
Баъзи ҳудудлардаги бўш ерлар ва объектлар арзон нархда сотувга чиқарилади
Ўзбекистонда иш ўрни ва даромадни ошириш учун маҳаллаларда янги лойиҳа ёндашуви ва молиявий рағбатлар жорий этилади.
© Фото: president.uz Ўзбекистонда айрим ҳудудларда бўш ер майдонлари ва давлатга тегишли объектлар паст бошланғич нархларда сотувга чиқарилиши белгиланди. Бу чора иш ўрни яратиш, даромадни кўпайтириш ҳамда тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ташаббуслар доирасида амалга оширилади. Давлат раҳбари ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ташаббускорларни топиш ва микро ҳамда кичик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етарли тажриба тўплаганини таъкидлади.
Қайд этилишича, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўз масъулиятидаги маҳаллада ишларни «лойиҳавий ёндашув» асосида ташкил қилади. Бунинг учун уларни махсус ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, аввало «оғир» маҳаллалардан бошлаш топширилди. Ҳар бир туман кесимида аниқ йўналишлар бўйича лойиҳалар портфели шакллантирилади.
Дастурга кўра, «оғир» маҳаллалардаги бўш ерлар ва давлат объектларининг бошланғич нархи 2–3 баробарга пасайтирилади. Шу билан бирга, иш ўрни ва даромадни оширишда энг яхши натижа кўрсатган 100 та маҳаллага 1 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Ушбу маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея ва Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.
Шунингдек, «Маҳалла еттилиги» самарадорлигини ошириш бўйича пойтахтда синовдан ўтказилган тажриба барча туман ва шаҳарларда жорий этилади. Энди ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномасига асосан туман ҳокими томонидан тайинланади ва озод этилади.
Маълумотларга кўра, тадбиркорлик салоҳияти юқори бўлган 50 та туман-шаҳар мамлакат саноатининг 62 фоизи ва хизматлар соҳасининг 57 фоизини таъминламоқда. Уч йил олдин бу ҳудудларда маҳаллий бюджетга 875 млрд сўм қўшимча даромад тушган бўлса, эндиликда ушбу кўрсаткич 7,4 трлн сўмга етмоқда. Шу сабабли, инфратузилмани яхшилаш орқали даромадни кўпайтириш вазифаси туман ҳокимлари олдига қатъий қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 903 та «оғир» маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилишини маълум қилганди. Президент таъкидлаганидек, ушбу станциялар маҳаллаларга беғараз актив сифатида берилади ва ҳар бир ҳудудда йилига 400–500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий манба шаклланади.





