Бепул карталар ва совғалар: байрам муносабати билан банклар акция эълон қилди

06.03.2026 | 19:202 daqiqa

Ўзбекистонда айрим банклар Халқаро аёл-қизлар куни муносабати билан турли акциялар таклиф қилмоқда. Улар орасида бепул карта очиш, аёл тадбиркорлар учун бепул хизматлар, сертификатлар ва қимматбаҳо совғалар ўйини ҳам бор.

Бепул карталар ва совғалар: байрам муносабати билан банклар акция эълон қилди

Ўзбекистондаги бир нечта банклар 8-март — Халқаро аёл-қизлар куни муносабати билан бепул карта очиш имкониятидан тортиб махсус акцияларгача таклиф қилмоқда. 


Гарант банк — бизнес учун имтиёзлар


Банк байрам муносабати билан аёл тадбиркорлар учун акция қилмоқда. Бу учун мижозлар бизнес ҳисобрақамини очиб, бепул хизматлардан фойдаланиши ва “Муваффақиятли аёл” кредитини олиши мумкин.


Акция доирасида тўлов ҳужжатлари орқали пул ўтказмалари, Интернет-банкинг ва Мобиле-банкинг, терминаллар ижараси, корпоратив картани тўлдириш бепул тақдим қилинади. Бизнес эгаси учун Узcард ва Ҳумо картаси совға бўлади.


300 млн сўмгача кредит эса йиллик 24,99 фоизда, 36 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан ажратилади. 


Акция 2026-йил 6-мартдан 6-майгача ўтказилади. Унда аёл якка тартибдаги тадбиркорлар, аёллар раҳбарлик қиладиган бизнеслар, устав капиталида аёллар улуши камида 50 фоиз бўлган корхоналар иштирок этиши мумкин. 


Батафсил маълумот бу ерда.


Асакабанк — бепул карта


Асакабанк Uzcard Red картаси бўйича акция тақдим қилмоқда. 5–13-март кунлари барча аёллар бу турдаги картани бепул очишлари мумкин. 


Шу билан бирга, карта орқали 200 минг сўмдан ортиқ операция амалга оширган иштирокчилар совғалар ўйинида қатнашиш имконига (iPhone 17 Pro’дан тортиб, косметика дўкони учун сертификатларгача) эга бўлади. 


Акция 31-мартгача давом этади, ғолиблар эса 3-апрель куни эълон қилинади. Батафсил маълумот бу ерда.


МКБанк — бепул карта


6 ва 10-март кунлари барча аёл-қизлар МКБанкда исталган банк картасини мутлақо бепулга расмийлаштириш имконига эга. Карталарнинг одатий нархи 40-45 минг сўм атрофида.


Батафсил маълумот бу ерда.



Ориент Финанс банк — совғалар ва ютуқли ўйин


8-март байрами муносабати билан Ориент Финанс банк аёл-қизлар ўртасида катта совғалар ютуқли ўйинини эълон қилди. 


Акция бир ой давом этади —8 апрелгача. Акция якунида 64 та қимматбаҳо совға ўз эгаларига топширилади.


Унда иштирок этиш учун ОФБ мобил иловаси орқали исталган картага буюртма бериш ва камида битта транзакцияни амалга ошириш керак. 


Совғалар орасида спорт комплексига сертификатлардан тортиб, косметика тўпламигача мавжуд. Батафсил маълумот бу ерда.


Капиталбанк — Yandex Go учун промокод


Банк 6-март куни исталган турдаги банк картасини расмийлаштирган аёлларга Yandex Go хизматида фойдаланиш учун 200 минг сўмлик промокод бермоқда. Промокод ҳар бир мижозга бир марталик тарзда тақдим этилади. 


Батафсил маълумот банкнинг расмий сайтида мавжуд.


Бундан ташқари, банклар байрам сабаб ўз мижозлари учун ҳам фойдали таклифлар бермоқда. Масалан, Ипак йўли банки Woman Card эгалари учун махсус таклифлар эълон қилган.

Teglar

Mavzuga oid