БМТ Қирғизистонни ўлим жазосини қайта жорий этмасликка чақирди
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини тиклаш режасидан воз кечишга чақирди. Унинг фикрича, бу чора жиноятчиликни камайтирмайди ва инсон ҳуқуқларига зиддир.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш ташаббусини «орқага қадам» ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши деб баҳолади. Бу ҳақда БМТ Олий комиссари бошқармаси расмий сайтида хабар берилди.
Маълумот учун, Қирғизистон 1998 йилда ўлим жазосини қўллашни тўхтатган, 2010 йилда эса Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факультатив протоколини ратификация қилиб, жазони қонунан бекор қилган эди. Ушбу халқаро ҳужжат давлатларга ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш мажбуриятини юклайди.
Бироқ сентябр ойи охирида 17 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши билан боғлиқ фожиадан сўнг Президент Садир Жапаров болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик учун ўлим жазосини қайта жорий этишни таклиф қилган эди. Ҳукумат бу масала бўйича Конституцияга ўзгартиш киритиш ва халқаро протоколдан чиқишни референдум орқали муҳокама қилишни режалаштирган.
Фолькер Тюрк таъкидлашича, «ҳеч бир суд тизими мукаммал эмас», шу сабабли ўлим жазосини қайта жорий этиш бегуноҳ инсонлар ҳам давлат қўлида ҳалок бўлиши хавфини келтириб чиқаради. Унинг сўзларига кўра, халқаро пакт ва факультатив протоколни имзолаган давлатлар учун ўлим жазосини қайта тиклаш қонунан тақиқланган.
«Қирғизистон кўп йиллар давомида ўлим жазосини бекор қилган мамлакатлар қаторида бўлиб, инсонпарвар дунё ҳамжамиятининг муҳим аъзоси сифатида эътироф этилиб келган. Ҳозирги ташаббуслар мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир», — деди Тюрк.
БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда 170 дан ортиқ давлат ўлим жазосини бекор қилган ёки уни амалга оширишни тўхтатган. Тюркнинг таъкидлашича, оғир жиноятлар учун жавобгарлик муқаррар бўлиши лозим, аммо жазо зўравонликка эмас, адолат ва жабрланувчилар манфаатига хизмат қилиши керак.





