
Британия Гренландияга қўшин жойлаштириши мумкин
Европа давлатлари Арктикада хавфсизликни кучайтириш орқали геосиёсий кескинликнинг олдини олишга интилмоқда.

Буюк Британия ҳукумати Европа ҳамкорлари билан биргаликда Гренландияга ҳарбий контингент юбориш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ташаббус орол хавфсизлигини таъминлаш ва унинг АҚШ томонидан қўшиб олиниши эҳтимолини чеклашга қаратилган. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларга таянилган ҳолда The Telegraph хабар берди.
Хабарга кўра, ҳозирда ҳарбий қўмондонлик Гренландияда НАТО миссиясини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқмоқда. Ушбу формат оролдаги мавжуд инфратузилмани кучайтириш, қўшимча ҳарбий имкониятларни жойлаштириш ва минтақавий хавф-хатарларга тезкор жавоб беришни кўзда тутади.
Британия расмийлари яқин кунларда Германия ва Франциядаги ҳамкасблари билан учрашиб, эҳтимолий ҳарбий жойлашув бўйича тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди. Манбаларга кўра, режа ҳали дастлабки босқичда бўлса-да, Россия ва Хитойдан келаётган стратегик таҳдидлар ҳисобга олинмоқда.
Муҳокамалар доирасида Британия қўшинлари, ҳарбий-денгиз флоти ва авиациясини жойлаштириш вариантлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу орқали Арктикадаги ҳаракатлар мувофиқлаштирилиб, хавфсизлик тизими мустаҳкамланиши мумкин.
Европа давлатлари Арктикадаги ҳарбий иштирокни ошириш Доналд Трампни Гренландияни аннексия қилиш ғоясидан воз кечишга ундайди, деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, НАТО миссияси шаклланса, хавфсизлик харажатларининг катта қисми Европа зиммасига тушиши мумкин.
Агар АҚШ НАТО ташаббусини рад этса, Европа Иттифоқи АҚШ компанияларига нисбатан санкциялар тайёрлаётгани айтилмоқда. Чекловлар технологик гигантлар ҳамда молиявий институтларга тегишли бўлиши мумкин.





