Британия қиролининг укаси озодликка чиқарилди
Эпштейн билан яқин алоқалари маълум бўлганидан сўнг шаҳзода унвонидан маҳрум этилган Эндрю Маунтбеттен-Виндзор расмий лавозимларда ишлаган даврида хизмат мавқеини суиистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда.

Буюк Британия қироли Чарлз IIIнинг укаси Эндрю Маунтбеттен-Виндзор кеча, 19 феврал куни америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари юзасидан олиб борилаётган тергов фонида ҳибсга олинганидан сўнг, ўша куни кечқурун қарийб 12 соатлик сўроқдан кейин полиция бўлимидан озод қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тасдиқ сифатида 66 ёшли Маунтбеттен-Виндзор қоронғу тушганидан кейин Англиянинг Норфолк графлигидаги Эйлшем полиция бўлими ҳудудидан чиқиб кетаётган автомобилнинг орқа ўриндиғида ўтиргани акс этган сурат эълон қилинди.
Полиция тарқатган баёнотда собиқ шаҳзода давлат хизматида ноқонуний хатти-ҳаракат содир этганлик гумони билан ҳибсга олинганидан сўнг «тергов остида» озод қилингани айтилган. Бу тергов давом этаётганини, аммо ҳозирча Маунтбеттен-Виндзорга расмий айблов эълон қилинмаганини англатади.
Эндрю Маунтбеттен-Виндзорнинг қўлга олингани ҳақидаги эрталабки полиция хабарида унинг номи тўғридан тўғри тилга олинмаган. Айнан у ҳибсга олинганми, деган саволга полиция «60 ёшдан ошган бир эркак ҳибсга олинди», деб жавоб берган. Шунингдек, иш доирасида икки манзилда тинтув ўтказилгани маълум қилинган.
«Associated Press» агентлигининг хабар беришича, полиция собиқ шаҳзода Эндрю 2010 йилда жинсий жиноятлар учун ҳукм қилинган Жеффри Эпштейнга савдо ҳисоботларини юборгани ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда. Нашрда аниқлаштирилишича, полиция бу иш билан АҚШда Эпштейн иши бўйича ўтказилган тергов доирасида тўпланган миллионлаб саҳифалик ҳужжатлар эълон қилинганидан сўнг шуғуллана бошлаган.
Собиқ шаҳзода Эндрю нимада гумон қилинмоқда?
Полиция баёнотига кўра, қироллик оиласи аъзоси расмий лавозимларда ишлаган даврида ўз мавқеини суиистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда. Аввалроқ Эндрю Эпштейн билан яқин алоқалари маълум бўлганидан сўнг шаҳзода унвонидан маҳрум этилган эди. Эпштейн вояга етмаган қизларни жинсий савдога жалб қилишда айбланган ва 2019 йилда қамоқхона камерасида осилган ҳолда топилган.
Маунтбеттен-Виндзор Эпштейн иши билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузарликни доим рад этиб келган ва у билан дўст бўлганидан афсусда эканини билдирган.
Чарлз III терговга ҳар томонлама кўмак ваъда қилди
Чарлз III укасининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан «чуқур ташвишда» эканини билдирди, бироқ қироллик оиласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга «тўлиқ ва адолатли тергов» ўтказишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва кўмак кўрсатишини ваъда қилди.
«Мен аниқ қилиб айтмоқчиман: қонун устувор бўлиши керак. Жараён давом этаётган экан, бу масала юзасидан қўшимча изоҳ беришим ўринсиз бўлар эди. Шу билан бирга, менинг оилам ва мен барчангизга хизмат қилиш ва ўз бурчимизга содиқ қолишда давом этамиз», – дейилади Буюк Британия қироли баёнотида.





