add

«Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади» — Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гапирди

23.09.2025 | 20:0046184

«У «Манчестер Сити»нинг сўнгги бир неча йилдаги энг яхши трансфери эканини ҳис қилгандирсиз», - деди Пеп Гвардиола.

«Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади» — Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гапирди
«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни клуб учун узоқ муддатли муҳим трансфер деб атади. Унинг сўзларига кўра, 21 ёшли ҳимоячи ҳали катта имкониятларга эга ва жамоада йиллар давомида муваффақиятли ўйнай олади. «Манчестер Сити»нинг расмий Инстаграм саҳифасида Гвардиоланинг ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақидаги фикрлари эълон қилинди. Унда шундай дейилади: «У марказда ўйнай олади, ҳимоянинг чап қанотидан бошқа исталган позицияларда ўйнай олади, деб айтган бўлардим... Ҳа, у ҳужумда кўп вазият ярата олмаслиги мумкин, аммо унинг ўйини ўта ишончли ва барқарор. Унинг жисмоний имкониятлари, ортга қайтиш [тезлиги] худди Кайл [Уолкер]нинг прайм даврларини йодимга солади! У ғоят эътиборли, жуда ёш, ўрганишга интилади. Биз дуч келган кучли, жиддий рақибларга қарши у ҳақиқатан ҳам аъло ўйин кўрсатди. У жуда ёш бўлишига қарамай, аввалига Ўзбекистондан Францияга келиб мослашди, кейин бу ерга келгач, биз учун қийин бўлган мавсумда тезда жамоага киришиб кетди... Агар янги жойга келганингда ҳаммаси жойида бўлса, мослашиш осон кечади. Аммо бизда ундай эмасди. Бизда бор ҳаракатлар ва услубларни у ақлбовар қилмайдиган даражада тез ўрганмоқда. Ўйлайманки, у клуб сўнгги бир неча йиллар давомида сотиб олган энг яхши футболчи эканини тез орада тушуниб етасиз. Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади». Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган Ҳусанов 2025 йил январ ойида Франциянинг «Ланс» клубидан Англияга келиб қўшилган эди. Шу вақтга қадар у «Манчестер Сити» сафида барча мусобақаларда 15 марта майдонга тушди. Жумладан, сўнгги тўрт ўйинда асосий таркибда тўп суриб, «Манчестер Юнайтед» ва «Наполи» устидан ғалабалар ҳамда «Арсенал»га қарши дурангда иштирок этди.

Теглар

Мавзуга оид

«Бу йигит ҳали узоқ вақт «Манчестер Сити»да қолади» — Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гапирди | Vaqt.uz