
Будапешт сабоқлари: Шерикларнинг ишончсизлиги Украинани «пўлат типратикан»га айлантиряпти
Киев Европа ва АҚШ украиналикларни хавфсизлик кафолатларисиз қолдириши мумкинлигини инобатга олиб, оғир сценарийга ҳозирлик кўрмоқда — мамлакат фақат ўз кучига ишонмоқчи.

Киев ҳар қандай халқаро хавфсизлик кафолатлари қуруқ ваъда бўлиб чиқиши мумкинлиги тахмин қилинаётган пессимистик сценарийни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Politico» ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Хавфсизлик кафолатларига ишончсизлик
Нашр маълумотларига кўра, уруш тугаганидан кейин Украина, аввало, ўз кучига таяниб, Россия қайта ҳужум қилишга журат этолмайдиган «пўлат типратикан»га айланишни мақсад қилган.
Портал суҳбатдошларининг таъкидлашича, Украина ҳукумати ғарбий ҳамкорларнинг ташқи мажбуриятларига тобора ишончсизлик билан қарамоқда. АҚШнинг Украинани НАТОга қабул қилиш масаласини кўриб чиқишдан бош тортиши ва Дональд Трамп сиёсатининг кутилмаган жиҳатлари бу шубҳаларни янада кучайтирган. Киевда 1994 йилги Будапешт меморандуми тез-тез ёдга олинмоқда: ўшанда ядро қуролидан воз кечиш эвазига АҚШ, Буюк Британия ва Россия томонидан берилган кафолатлар якунда иш бермаган эди.
Армияга таянган мудофаа модели
Украинанинг НАТОдаги миссияси раҳбари Алена Гетманчукнинг айтишича, энди хавфсизликнинг асоси шартномалар эмас, балки армияси ва мудофаа саноати ҳисобланади. Дипломатнинг қайд этишича, Украина фақат ўз кучигина Кремлни тийиб туришга қодир, деган тўхтамга келган.
Бу стратегиянинг муҳим элементи — мунтазам армиядир. Киев музокараларда 800 минг кишилик қуролли кучларни сақлаб қолишни талаб қилмоқда. «Politico»нинг аниқлик киритишича, бу тинчлик даври армиясини шакллантириш бўйича узоқ ва катта харажатли жараённи англатиб, унда асосий эътибор тайёргарлик, бошқарув ва мотивацияга қаратилади.
Мудофаа саноати ва молиявий чекловлар
Иккинчи таянч нуқтаси — мудофаа саноатидир. Украина бир марталик технологик ютуқларга эмас, балки серияли ишлаб чиқаришга урғу бермоқда. 2025 йилда Украина Мудофаа вазирлиги 4,5 миллион дона FPV-дрон ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолади — вазирлик учувчисиз тизимлар учун 110 миллиард гривна (2,5 миллиард доллар) сарфлади.
Шу билан бирга, Киев Россия ҳудуди ичкаридаги нишонларни йўқ қилишга қодир узоқ масофали ракеталар ва зарбдор дронларни ривожлантирмоқда. Нашрнинг ёзишича, Киев инфратузилмаларга зарба бериш хавфини Москвани тийиб туриш сиёсатининг бир қисмига айлантиришга умид қилмоқда.
Бироқ бу стратегиянинг ҳам ўз чекловлари бор. Мудофаа корхоналари йилига қарийб 35 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин, аммо давлат бу ҳажмнинг фақат учдан биринигина молиялаштиришга қодир. Узоқ муддатли шартномалар ва барқарор маблағ бўлмаса, «пўлат типратикан» реал ҳимоя эмас, балки шунчаки образ бўлиб қолиш хавфи остида, дея хулоса қилади газета.





