Бурун битиши, аксириш ва йўтал: Куз фаслида нега аллергик касалликлар авж олади?

10.09.2025 | 20:405 daqiqa

Аллергиянинг энг оғир белгиларини фақат баҳорда кузатиш мумкин, деб ўйлайсизми? Аслида куз ойларида ҳам бу хасталик кучаяди. Чунки бу фаслда...

Бурун битиши, аксириш ва йўтал: Куз фаслида нега аллергик касалликлар авж олади?
Куз фаслида одатда аста-секин кунлар салқинлашиб бораверади. Оқибатда кўпчиликда иммунитет сусайиб, қатор касалликлар авж олиши кузатилади. Мавсумий аллергия — шулардан бири. Хўш, бу хасталик қўзғалиши қайси омиллар билан боғлиқ? Унинг қандай белгилари бор? Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова шу ҳақда маълумот берди. «Ҳозирча ёғин-сочинли кунлар бошлангани йўқ. Юртимиз иқлим шароитида сентябр, октябр ва ҳатто, ноябр ойлари ҳам нисбатан илиқ келиши мумкин», - дейди мутахассис. Унга кўра, биринчидан ёғингарчик бўлгунига қадар ўсимлик чанглари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолиши табиий. Иккинчи омил эса ёмғирдан кейин замбуруғ спораларининг ҳавога юқори концентрацияда кўтарилиши билан боғлиқ. Шу сабабли бу даврда замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди. Разикованинг таъкидлашича, учинчи омил — хазонрезги. Чунки куз ойларида дарахт ва буталардан тўкилган япроқларда замбуруғ споралари энг кўп учрайди. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ҳамда ертўлаларда ҳам кузатилади. Тўртинчи омил — салқин ҳароратда кўпчилик асосий вақтини ёпиқ иншоотлар, хонадонлар ичида ўтказиши табиий. Бундай шароитда уй чанги, ит, мушук сингари ҳайвонлар юнги ҳам аллергик симптомларни келтириб чиқаради. «Бурун битиши, қичишиши ёки кўп миқдорда оқиши, кўзларнинг шишиши, ёшланиши, аксириш, ҳорғинлик ва баъзан йўтал мавсумий аллергияга хос аломатлардир. Шу каби белгилар кузатилган беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишлари тавсия этилади. Хусусан, марказимизда бундай касалликларга илғор усуллар орқали аниқ ташхислаш ҳамда самарали даволаш йўлга қўйилган», - дейди мутахассис. Қайд этилишича, профилактик чоралар ҳам муҳим. Хонадонлар ҳовлиси, айвонлар, тарнов ва мўриларни тўкилган барглардан тозалаб туриш керак. Ҳаммом, ошхона каби намлик юқори жойларда моғор ҳосил бўлмаслигига алоҳида аҳамият бериш зарур. Шунингдек, яхши исимайдиган ва зах хоналарда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма белгилари кучайиши мумкин. Хоналарни тез-тез тозалаш ва шамоллатиб туриш орқали ҳам аллергик реакциялар симптомларини камайтирса бўлади.

Teglar

Mavzuga oid