Буюк Британияда виза бериш тартиби ўзгарди
Мамлакат тўлиқ рақамли иммиграция тизимига ўтди. 1 июлдан иммигрантларга анъанавий виза стикери (вигнетте) бериш тўхтатилди.
© ijtimoiy tarmoqlarБуюк Британия ҳукумати мамлакат иммиграция тизимини тўлиқ рақамлаштириш доирасида eVisa (электрон виза) тизимига ўтди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати сайтида маълум қилинди.
Янги тартиб 2026 йил 25 февралдан босқичма-босқич жорий этилди. 1-июлдан эса «UK Visas and Immigration» хизмати янги мурожаатчилар учун виза стикерларини расман беришни тўхтатди.
eVisa — бу паспортга ёпиштириладиган ҳужжат эмас, балки Буюк Британияда бўлиш ҳуқуқини тасдиқловчи рақамли иммиграция мақомидир. У «UK Visas and Immigration» тизимидаги шахсий аккаунтга боғланади ва интернет орқали текширилади. Сафардан олдин фойдаланувчилар ўз паспортини мазкур аккаунтга боғлаши талаб этилади.
Янги тартиб қандай?
eVisa жорий этилганидан кейин визаси маъқулланган мурожаатчиларнинг паспорти виза стикерини ёпиш учун ушлаб қолинмайди. Ариза кўриб чиқилаётган вақтда паспорт эгасига қайтарилади.
Саёҳат вақтида авиакомпаниялар ҳамда чегара хизмати йўловчининг иммиграция мақомини электрон тизим орқали текширади. Шу тариқа қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишга эҳтиёж сезиларли даражада қисқаради.
Янги тартиб ташриф, иш, ўқиш, оилавий ва бошқа кўплаб виза тоифалари учун амал қилади. Бироқ Буюк Британияга қисқа муддатли сафар қилиш учун виза талаб этилмайдиган айрим давлатлар фуқаролари аввалгидек ETA (Electronic Travel Authorisation) тизимидан фойдаланишда давом этади.
EVisa ва ETA фарқи
Британия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ETA ва eVisa турли мақсадларга хизмат қилади. ETA визасиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар учун электрон рухсатнома бўлса, eVisa виза олиши шарт бўлган шахсларнинг расмий рақамли иммиграция мақомини англатади.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, янги тизим ҳужжатларни қалбакилаштириш хавфини камайтиради, паспорт йўқолган ёки алмаштирилганда маълумотларни тез янгилаш имконини беради ҳамда чегара назоратини соддалаштиради.
Шу билан бирга, айрим мутахассислар рақамли хизматлардан фойдаланиши қийин бўлган, айниқса ёши катта фуқаролар учун янги тизим муайян қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини қайд этмоқда. Шу боис ҳукумат мурожаатчиларга «UK Visas and Immigration» аккаунтини олдиндан яратиш ва eVisa ҳолатини мунтазам текшириб туришни тавсия қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда ҳам 1-июлдан виза учун ҳужжат топшириш тартиби ўзгариши ҳақида хабар берилганди.





