ChatGPT Go обунаси Ўзбекистонда ишга тушди

21.10.2025 | 13:301 daqiqa

OpenAI Ўзбекистонда ҳам ChatGPT Go обунасига старт берди. Энди фойдаланувчилар арзон нархда GPT-5 имкониятларидан фойдаланишлари мумкин.

ChatGPT Go обунаси Ўзбекистонда ишга тушди

OpenAI компанияси ўзининг янги «ChatGPT Go» тариф режасини 89 мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишга туширганини маълум қилди. Бу ҳақда компаниянинг расмий сайтида маълум қилинди.

Янги тариф фойдаланувчиларга чат-ботнинг кенгайтирилган функцияларидан анча арзон нархда фойдаланиш имконини беради. Обунанинг ойлик тўлови 5 доллар этиб белгиланган бўлиб, бу ҳозирги Марказий банк курси бўйича тахминан 60 300,75 сўмни ташкил этади.

ChatGPT Go обуначиларига флагман GPT-5 модели асосида ишловчи тизим тақдим этилади. Ушбу тариф доирасида кенгайтирилган сўровлар лимити, сурат яратиш функцияси, ҳужжат ва файлларни юклаш имконияти мавжуд бўлади. Шунингдек, «эслаб қолувчи» кенг контекстли ойналар орқали чатнинг узлуксизлиги таъминланади.

Бундан ташқари, Go обунаси маълумотларни таҳлил қилиш воситаларига кенгроқ кириш имкониятини ҳам беради. Фойдаланувчилар шахсий GPT моделларини яратиш ва турли диалогларни лойиҳалар кўринишида бирлаштириш имкониятига эга бўладилар. Бироқ ушбу обуна OpenAI’нинг олдинги моделлари — хусусан, ChatGPT-4 ни ўз ичига олмайди.

ChatGPT Go илк марта 2025 йил август ойида Ҳиндистонда ишга туширилган эди. Ҳозирда у нафақат Марказий Осиё мамлакатларида, балки Покистон, Бангладеш, Непал, Шри-Ланка, шунингдек, Африка ва Жануби-Шарқий Осиёнинг кўплаб давлатларида ҳам фаолият юритмоқда.

Teglar

Mavzuga oid