Чиқинди хизматидан қарздор 199 мингта абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилди

Kecha 11:252 daqiqa

Ўзбекистон бўйича чиқинди хизматидан қарздорлигини қопланмаган умумий 108,9 млрд сўм дебитор қарздорлик учун жами 1 174 686 та абонент «2100» қисқа рақамидан SMS хабарнома орқали огоҳлантирилган.

Чиқинди хизматидан қарздор 199 мингта абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилди

Чиқинди хизматидан 15,8 млрд сўм қарздорлик туфайли электр тўловларига вақтинча чеклов жорий этилди.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилишича, 5 феврал ҳолатига республика бўйича чиқинди хизмати учун тўланмаган қарздорлик 108,9 млрд сўмни ташкил этган. Шу муносабат билан 1 174 686 нафар абонент «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «2100» қисқа рақамидан SMS-хабарнома орқали огоҳлантирилган.

Абонентларга қарзни ихтиёрий тартибда қоплаш учун 5 кун муддат берилган. Ушбу давр мобайнида 12,7 млрд сўмлик тўлов амалга оширилган. Бироқ қарздорлик тўлиқ бартараф этилмагани сабабли қўшимча чоралар кўрилган.

Ҳозирда 15,8 млрд сўм миқдоридаги чиқинди хизмати қарздорлиги сақланиб қолган 198 858 нафар абонентнинг электр энергияси учун тўловларига вақтинча чеклов ўрнатилган. Агентлик таъкидлашича, қарздорлик қопланиши билан чеклов дарҳол бекор қилинади.

Маълумотларга кўра, 1044-сонли Қонун асосида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизоми тартибга солинган. Ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар ҳақидаги маълумотлар «Тоза макон» биллинг тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимига узатилади. Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача шаклланган қарздорликларга татбиқ этилмайди.

2025 йил 1 июлдан кейин юзага келган қарздорликлар бўйича чеклов чоралари 5 ноябрдан қўлланила бошланган. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан чиқинди хизмати учун тўловлар фақат кўрсатилган хизматлар асосида онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган.

Агентлик фуқароларни тўлов интизомига риоя қилишга чақириб, соҳадаги таклиф ва шикоятлар бўйича «1205» қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди.

Teglar

Mavzuga oid