
Дам олиш кунлари айрим ҳудудларда ёғингарчилик кутилмоқда
Ўзбекистонда ҳафтанинг охирида об-ҳаво ўзгариб, айрим вилоятларда ёмғир ва қор ёғиши эҳтимоли бор.

Ўзгидромет маълум қилишича, 27–28 декабр кунлари республика айрим ҳудудларида ёғингарчилик кузатилиши, қолган ҳудудларда эса нисбатан барқарор об-ҳаво сақланиши кутилмоқда.
Шанба 27 декабр куни фақат Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида ёмғир ва қор ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда.
Якшанба куни эса ёғингарчилик ҳудуди кенгаяди. Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида айрим жойларда ёмғир ёғади. Тоғли ҳудудларда ёмғир қор билан алмашиши мумкин. Республика қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланади.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати шанба куни +7...+12 даража илиққача, якшанба куни эса +10...+13 даража илиққача кўтарилиши прогноз қилинган. Тунги ҳарорат 2 даража совуқдан 3 даража илиққача бўлади. Шамол секундига 7–12 метр тезликда эсади, айрим жойларда туман тушиши мумкин.
Тошкент шаҳрида шанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 0...+2 даража илиқ, кундузи +7...+9 даража илиқ бўлади. Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Ҳарорат кечаси +2...+4 даража илиқ, кундуз +10...+12 даража илиқ бўлади.





