add

Давлат кафолати остида ташқи қарз олишни маъқуллаш ваколати парламентга ўтказилади — Президент

Bugun 13:281562 daqiqa

Давлат идораларининг вазифалари ва маълумотлар базаси Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.

Давлат кафолати остида ташқи қарз олишни маъқуллаш ваколати парламентга ўтказилади — Президент

Олтинчи устувор йўналиш доирасида Ўзбекистонда замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Бу жараёнда рақамлаштириш, парламент назоратини кучайтириш ва ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик ҳисобдорлигини ошириш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бу ҳақда Президент Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.

Аввало, 2026 йилдан Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. Янги босқичда барча давлат идораларининг 1 мингдан ортиқ давлат хизматлари, 5 мингдан зиёд функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизимлари ҳамда 100 мингдан ортиқ давлат хизматчисининг маҳалладан тортиб республика даражасигача бўлган ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Бу давлат бошқарувида ягона рақамли муҳитни шакллантиради.

Янгиланган платформага келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатларини назорат қилиш жараёнлари сунъий интеллект асосида амалга оширилади. Бу инсон омилини камайтириш, ортиқча бюрократия ва коррупция хавфларини қисқартиришга қаратилган.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, давлат хизматларини инсон омилисиз, проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизими ривожлантирилади. Бу фуқаролар ва бизнес учун хизматларни тезкор ва қулай олиш имконини беради.

Шу билан бирга, парламент назорати ҳам янги босқичга чиқарилади. Бугунги кунда Олий Мажлис энг кучли парламентларга хос назорат ваколатларига эга. 2023 йилдан бери ташқи қарз миқдорини парламент белгилаб келмоқда. Энди давлат кафолати остида ташқи қарз олишни маъқуллаш ваколатини ҳам парламентга ўтказиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, давлат харидларида тўғридан-тўғри харид қилиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади. Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларини ажратиш амалиёти 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда тўлиқ жорий этилади. Шунингдек, депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашлик ҳолатлари бўйича прокуратурага тақдимнома киритилади.

Teglar

Mavzuga oid