Доллар ҳукмронлиги тугаса, жаҳон иқтисодиёти қандай кўринишга эга бўлади?
14.07.2025 | 12:158 daqiqa
Бугунги тартибсиз глобал молиявий вазиятда дунё етакчилари ўз иқтисодиётлари учун «энг яхши натижа» га эришишдан кўра, хавфларни қандай бошқаришни ўрганишга мажбур. Чунки президент Трампнинг ўзгарувчан сиёсати, божларнинг кескинлиги ва доллар курсининг беқарорлиги шароитида «энг яхши натижа» деган тушунча мавжуд эмас.

Айниқса, 2024 йилнинг апрелидан бошлаб АҚШ доллари одатдагидек ишончли асос эмас, балки ривожланаётган мамлакатлар валютаси каби ўзгарувчан ҳаракат қилмоқда. Халқаро инвесторлар орасида долларни сақлашдан воз кечиш истаги кучаймоқда. Бу эса муҳим саволни туғдиради: агар долларнинг глобал ҳукмронлиги тугаса, кейин нима бўлади?
Бу савол келажакдаги иқтисодий тартиб ва молиявий барқарорлик учун жуда муҳим.
Бугун кўплаб мамлакатларнинг марказий банклари фавқулодда ҳолатларда АҚШ долларига муҳтож. Агар доллар ўзининг захира валютаси мақомини йўқотса, давлатлар ва инвесторлар ундан фойдаланишни тўхтатади. Буни юзага келтирадиган механизмлар эса тобора яққол бўлиб бормоқда.
Машҳур иқтисодчи Кеннет Рогофф бу ҳақда шундай дейди:
«Биз ҳозир жаҳон молия тизимида Никсон давридаги олтин стандартининг бекор қилинишидан кейинги энг йирик бурилиш нуқтасида турибмиз. Яқин йилларда доллар ўз мавқеининг бир қисмини юан (Хитой валютаси) ва еврога бой бериши мумкин. Ҳозирнинг ўзида криптовалюталар яширин иқтисодиётда доллар ўрнини эгалламоқда».Бу жараён, Рогоффнинг айтишича, Трампдан олдин бошланган, аммо Трамп уни жадаллаштириб юборган. Келажакда ягона глобал валюта ҳукмрон бўлмаслиги мумкин. Бунинг ўрнига евро, юан, криптовалюталар ва ҳатто олтин ўртасида кучли рақобат пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу эса глобал валюта бозорида «кўп қутбли» курашга олиб келади. Иқтисодчи Денни Лейптсигер ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди. У шуни таъкидлайдики, ҳозирча марказий банклар турли валюталарни захирада сақлаётган бўлса-да, ҳануз АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкалари ва АҚШ облигациялари бозорига боғлиқ ҳолда ҳаракат қилмоқда.





