add

«Дўстлик ғалаба қозонди»: Таиланд ва Камбоджа сулҳ тузди

Kecha 21:421 daqiqa

20 кунлик қонли тўқнашувлардан сўнг қўшни давлатлар чегарада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.

«Дўстлик ғалаба қозонди»: Таиланд ва Камбоджа сулҳ тузди

Таиланд ва Камбоджа 20 кун давом этган шиддатли ҳарбий тўқнашувлардан сўнг, чегарада ўт очишни тўхтатиш режимини қайта тиклаш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда Таиланднинг Thai PBS давлат телеканали хабар берди.

Таиланд Мудофаа вазири Наттхапхон Накпханит ва унинг камбоджалик ҳамкасби Теа Сейха томонидан имзоланган ушбу ҳужжат 27 декабрдан кучга кирди. Икки давлат ўртасидаги музокаралар Чегара масалалари бўйича умумий қўмита доирасида Таиланднинг Чантхабури провинциясидаги "Бан Пхаккрат" назорат-ўтказиш пунктида бўлиб ўтди. Музокаралар тахминан 40 дақиқа давом этган.

Имзолаш маросимида халқаро кузатувчи сифатида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) мамлакатларининг ҳарбий атташелари гуруҳи иштирок этди. Гуруҳга Малайзиянинг Банкокдаги ҳарбий атташеси, бригада генерали Самсул Риза Бин Муса бошчилик қилди. Келишув имзолангач, Камбоджа делегацияси ўз ҳудудига қайтиб кетган.

Таиланд ва Камбоджа чегарасидаги оғир техника, артиллерия ва авиация қўлланилган қуролли низо 7 декабрь куни қайта бошланган эди.

Таиланд Қуролли кучларининг 22 декабрдаги сўнгги маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар оқибатида 22 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 120 дан ортиқ киши яраланган.

Камбоджа расмийлари тинч аҳоли орасида 30 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши жароҳатланганини маълум қилган.

Чегара ҳудудларида ҳар икки томондан 400 мингдан ортиқ одам уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Teglar

Mavzuga oid