add

Дунё бўйлаб бош вазирлар истеъфоси давом этмоқда: навбат Непалга

Непалда ижтимоий тармоқлар тақиқи бекор қилинди, норозилик намойишларидан сўнг парламентга ўт қўйилди, бош вазир дохил яна учта вазирнинг истеъфо берди.

Дунё бўйлаб бош вазирлар истеъфоси давом этмоқда: навбат Непалга

Непалда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ортидан юзага келган оммавий норозилик намойишлари мамлакат сиёсий ҳаётида кескин ўзгаришларга сабаб бўлди. Reuters ва BBC’нинг хабар беришича, вазият натижасида бош вазир Шарма Оли истеъфога чиқди, шунингдек уч вазир ҳам лавозимини тарк этди.

Ўтган ҳафта расмийлар Facebook ва YouTube каби 26 та ижтимоий тармоқларни мамлакатда рўйхатдан ўтмагани учун тақиқлаганди. Бу қарор «Z авлод намойишлари» деб аталган кенг кўламли чиқишларга туртки бўлди. 8 сентябр куни минглаб ёшлар Катманду ва бошқа шаҳарларда кўчаларга чиқиб, интернет чекловлари ва коррупцияга қарши норозилик билдирди.

Намойишлар тез орада тартибсизликка айланди. Полиция сув пуркагичлар, таёқ ва резина ўқлардан фойдаланиб тарқатишга уринди. Ҳодисаларда камида 19 киши ҳалок бўлди, 100 дан зиёд киши жароҳатланди.

9 сентябрда ҳам норозиликлар давом этди. Намойишчилар бош вазир ва собиқ ҳукумат раҳбарлари қароргоҳларига ўт қўйди, сиёсий партиялар штаб-квартираларига ҳужум қилди. Бу мамлакатдаги сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик оммавий чиқиш сифатида қайд этилди.

BBC хабарига кўра, Шарма Оли истеъфосини эълон қиларкан, «ҳозирги инқирознинг конституциявий ечимига йўл очмоқчи»лигини таъкидлади. Президент унинг истеъфосини қабул қилди.

Аввалроқ Япония бош вазири Шигеру Ишиба истеъфога чиққани ҳамда Франция бош вазири Франсуа Байру истеъфога чиқмоқчилиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид