Ўзбекистонда тижорат банкларининг молиявий оммабоплик рейтинги жорий этилади
Мазкур рейтинг орқали банкларнинг аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий имкониятлар яратиши ҳамда хизматларни қанчалик қулай, хавфсиз ва сифатли кўрсатиши ўзаро таққосланади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда тижорат банклари учун молиявий оммабоплик рейтинги ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.
Янги рейтинг банклар томонидан аҳоли ҳамда микро, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун кўрсатилаётган молиявий хизматлар даражасини баҳолайди.
Хусусан, молиявий муассасалар томонидан яратилган имкониятлар, кўрсатилаётган хизматларнинг қулайлиги, хавфсизлиги ва сифати ўзаро таққосланади.
Баҳолаш мезонлари ва рейтингнинг асосий мақсади
Регуляторнинг қайд этишича, айни пайтда мазкур рейтинг методологияси ва баҳолаш мезонлари қизғин муҳокама қилинмоқда.
Шу мақсадда, 30-октябр куни тижорат банклари вакиллари иштирокида махсус учрашув ўтказилди. Ушбу йиғилишда дастлабки ҳисоб-китоблар, фойдаланилган маълумотларнинг аниқлиги ҳамда баҳолаш тартибини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
«Рейтингдан мақсад банклар ўртасида соғлом рақобатни рағбатлантириш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини оширишдан иборат», — дейилади регуляторнинг расмий хабарида.
Маълумот ўрнида, Марказий банк 2026-йилдан бошлаб ҳар чоракда мижозлар мурожаатлари асосида энг салбий кўрсаткичга эга бўлган тижорат банклари рўйхатини мунтазам равишда эълон қилиб келмоқда.





