add

Экофонд 1,4 трлн сўм олади: маблағлар қаерга йўналтирилади?

Kecha 19:162012 daqiqa

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қошида ташкил этилган давлат мақсадли жамғармасига 2025–2026 йилларда 1,4 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Экофонд 1,4 трлн сўм олади: маблағлар қаерга йўналтирилади?

Президентнинг 18 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қошида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғарма экологик ҳолатни яхшилаш, ҳаво сифати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳамда барқарор экологик лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилади.

2025 йил охирига қадар давлат бюджетидан жамғарма учун 900 млрд сўм ажратилади. 2026 йилда эса республика бюджетидан қўшимча 548 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Шу тариқа, икки йиллик даврда жамғарманинг умумий молиявий ҳажми 1,4 трлн сўмдан ошиб кетади.

2026 йил учун режалаштирилган харажатлар қуйидаги йўналишларга тақсимланади:

«Яшил макон» лойиҳасини амалга оширишга 250 млрд сўм; санитария тозалаш ишларига 150 млрд сўм, ҳимоя ўрмонларини барпо этишга 73,7 млрд сўм;

экологик соҳада қўлланиладиган махсус техникалар харидига 66,3 млрд сўм.

3 декабр куни Қонунчилик палатаси йиғилишида Жамшид Қўчқоров 2025 йил учун ажратиладиган 900 млрд сўм маблағ йил якунига қадар тўлиқ ўтказилишини маълум қилди. У, шунингдек, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тезкор чоралар кўришга қаратилган махсус комиссия фаолиятига эътибор қаратди.

Жамғарманинг келгуси даромад манбалари ҳам аниқланган. 2026 йилдан бошлаб углерод кредитлари савдосидан тушган маблағларнинг 20 фоизи, экологик қоидабузарликлар учун ундирилган жарималар, шунингдек транспорт воситалари ва шиналар учун утилизация йиғимларининг белгиланган қисми жамғармага йўналтирилади.

Жамғарма фаолияти устидан назоратни амалга ошириш учун бошқарув кенгаши ташкил этилади. Унга қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига парламент, молия идоралари ва жамоатчилик вакиллари киритилиб, қарорлар шаффофлик ва жамоат олдида ҳисобдорлик тамойиллари асосида қабул қилиниши белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid