add

Экспорт ҳажми ошди, аммо Марказий Осиё улуши қисқарди

Kecha 18:502 daqiqa

Ўзбекистонинг умумий экспорт ҳажми қарийб 23 фоизга ошди, аммо Марказий мамлакатларига юборилаган маҳсулотлар камайган.

Экспорт ҳажми ошди, аммо Марказий Осиё улуши қисқарди

2025 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига умумий экспорт ҳажми 3,2 млрд долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 23 фоизга ўсган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, Марказий Осиёга йўналтирилган экспортнинг энг катта қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Экспортнинг 24,5 фоизи Қозоғистонга, шунингдек, Қирғизистонга 24,5 фоиз, Тожикистонга 21,7 фоиз, Туркманистонга эса 4,8 фоиз маҳсулот экспорт қилинган.

mikronomika


Марказий Осиёнинг экспортимиздаги улуши нега камайди?

Шу билан бирга, 2025 йилда Марказий Осиё мамлакатларига экспортнинг умумий экспортдаги улуши 9,8 фоиздан 9,3 фоизгача пасайган.

Иқтисодчи бу ҳолатни қисман олтин экспортининг юқори ўсиши билан изоҳлайди. Бироқ махсус товарлар, жумладан олтин экспорти таъсири чиқариб ташланганда ҳам Марказий Осиё улушининг қисқариши сақланиб қолмоқда. Хусусан, олтинсиз экспорт таркибида Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келган улуш 2024 йилдаги 17,9 фоиздан 2025 йилда 17,8 фоизга тушган.

Сўнгги йиллардаги сезиларли қисқариш

2021 йил билан таққослаганда, Марказий Осиё мамлакатларининг умумий экспортдаги улуши 6,7 фоиз бандга, махсус товарларсиз экспортдаги улуши эса 4,8 фоиз бандга қисқарган. Таҳлилга кўра, бу пасайишни фақат олтин экспортининг ўсиши билан изоҳлаб бўлмайди, чунки олтинсиз экспортда ҳам улуш сезиларли даражада камайган.

Сўнгги беш йил давомида Марказий Осиё улушининг қисқаришида Қирғизистонга экспортнинг 2,6 фоизга, Туркманистонга эса 2,1 фоизга пасайгани асосий омил бўлган.

Шу даврда Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт мос равишда 31,2 ва 36,1 фоизга ошган бўлса-да, бу кўрсаткичлар умумий экспорт ўсиш суръатларидан паст бўлган. Таққослаш учун, 2021–2025 йилларда Ўзбекистоннинг умумий экспорти қарийб икки баробар ошган, Марказий Осиё мамлакатларисиз ҳисобланганда эса 2,2 баробарни ташкил этган.

Иқтисодчи қайд этишича, Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида юқори иқтисодий ўсиш кузатилаётган бир пайтда, уларнинг Ўзбекистон экспортидаги улуши изчил камайиб бораётганини аниқ иқтисодий омиллар билан изоҳлаш ҳозирча мушкул бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81 млрд долларга ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid