Энди жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқишга рухсат QR-код орқали берилади
1-августдан янги электрон тизим ишга тушади. ИИВ, Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой ичида уни солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилади.
© YHXX.UZЎзбекистонда 1-августдан бошлаб жарима майдончасидан транспорт воситасини олиб чиқиш учун рухсатнома фақат электрон шаклда расмийлаштирилади. Бу ҳақда «Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарорида белгилаб берилди.
Қарорга кўра, жараён «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали махсус QR-код асосида амалга оширилади. Ички ишлар вазирлиги Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда янги тизимни солиқ органларининг ахборот базалари билан интеграция қилади.
Интеграция натижасида жарима майдонларида сақланаётган транспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар автоматик шаклланади. Улар орасида автомобил русуми, давлат рақами, майдончага олиб кирилган ва чиқарилган вақти ҳамда ундирилган тўловлар ҳақидаги маълумотлар бўлади.
Назорат тўлиқ рақамлашади
Янги тартиб жарима майдончалари фаолиятини шаффофлаштириш ва маълумотларни ягона электрон тизим орқали юритишни назарда тутади.
Шунингдек, тизимга қонунбузарлик сабаб ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизмати билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг реквизитлари ҳам киритилади.
Масъул идораларга икки ой ичида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда барча техник интеграция жараёнларини якунига етказиш вазифаси берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қарор билан Ўзбекистонда «E-bozor» ягона рақамли бозор платформаси жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, 1-сентябргача 280 та бозор ва савдо комплекси ҳамда уларга туташ автотураргоҳларни рақамлаштирилади ва тўловларни ягона QR-код орқали тўлаш имконияти яратилади.
Тизим 2026-йил 1-октябргача тизим синов тартибида ишлайди, 2027-йил 1-мартгача эса тўлиқ фойдаланишга топширилади.





