Энергетика инқирози: дунё нефт ва газ таъминоти издан чиқиши мумкин

Bugun 14:102 daqiqa

Яқин Шарқдаги тўқнашувлар глобал энергетика бозорига босимни кучайтирди. Мутахассислар нефт ва газ таъминоти занжирларида жиддий узилишлар юзага келиши эҳтимолини истисно этмаяпти.

Энергетика инқирози: дунё нефт ва газ таъминоти издан чиқиши мумкин

Яқин Шарқдаги тўққиз давлатда 40 дан ортиқ энергетика объекти жиддий зарар кўргани глобал бозор учун катта хавфни юзага келтирди. Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотих Биролга кўра, бу ҳолат нефт ва газ таъминотида узоқ муддатли узилишларга сабаб бўлиши мумкин.

Энергетика инфратузилмасига зарба

Унинг таъкидлашича, нефт конлари, қайта ишлаш заводлари ва қувурлар инфратузилмасини тиклаш учун анча вақт талаб этилади. Бу эса ҳатто ҳарбий тўқнашувлар тугагандан кейин ҳам таъминот занжирларида муаммолар сақланиб қолишини англатади.

Мутахассис мавжуд вазиятни 1970-йиллардаги нефт шоклари ҳамда 2022-йилдаги газ инқирозининг бирлашган кўриниши сифатида баҳоламоқда. Инқироз нафақат нефт ва газ, балки нефт-кимё маҳсулотлари, ўғитлар, олтингугурт ва гелий таъминотига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Энг заиф ҳудуд — Осиё

Экспертнинг фикрича, Яқин Шарқ нефтига қарамлиги юқори бўлган Осиё минтақаси энг заиф нуқтага айланган. Шунингдек, у Хитойнинг ёқилғи экспортини чеклаш ҳақидаги қарорини танқид қилиб, барча мамлакатларни инқирозга қарши биргаликда курашишга чақирди.

Ҳарбий зиддиятлар феврал охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси билан бошланган. Жавоб сифатида Эрон Форс кўрфази мамлакатларининг энергетика инфратузилмасига зарбалар бермоқда.

Жумладан, март ойи бошида Абу-Дабидаги суткасига 922 минг баррел қувватга эга энг йирик «Эр-Рувайс» нефтни қайта ишлаш мажмуасига ҳужум амалга оширилди. Шунингдек, 18-март куни Эрон Қатардаги глобал суюлтирилган табиий газ етказиб беришнинг қарийб 20 фоизини таъминловчи «Рас-Лаффан» саноат марказини нишонга олди.

Ҳўрмуз бўғози ва нефт бозорига босим

Бундан ташқари, Эрон Ҳўрмуз бўғозини амалда ёпиб қўйди ва нефт танкерларига ҳужумлар уюштирмоқда. Натижада, Саудия Арабистони, БАА, Ироқ ва Қувайт нефт қазиб олишни қисқартириш ёки тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Teglar

Mavzuga oid