Энергия нархи 10 фоиз ошса, жаҳон инфляцияси тезлашади — ХВФ

08.03.2026 | 22:102 daqiqa

Халқаро валюта фонди дунё иқтисодиёти ҳайратланарли даражада барқарорлигини сақлаб келаётган бўлсада, ҳозир бу жиддий синовдан ўтаётганидан огоҳлантирди.

Энергия нархи 10 фоиз ошса, жаҳон инфляцияси тезлашади — ХВФ

Халқаро валюта фонди (ХВФ) бош директори Кристалина Георгиеванинг таъкидлаганича, агар энергетика маҳсулотлари нархи бир йил давомида 10 фоизга ошса, бу жаҳон инфляциясини 40 базис пунктга кўтариши мумкин. Бу ҳақда у «Bloomberg TV»га берган интервюсида маълум қилди.

Георгиева дунё иқтисодиёти кўплаб муаммоларга қарамай, ғайритоддий барқарорлик намоён этганини қайд этди.

ХВФда нима дейилмоқда?

«Дунё иқтисодиёти ҳайратланарли даражада барқарорлигини сақлаб келмоқда. Бир шокдан бошқасига қарши туришга қарамай, ўсиш 3,3 фоизни ташкил этмоқда. Лекин бу барқарорлик яна жиддий синовдан ўтмоқда», – деди Георгиева Бангкокда бўлиб ўтган «Осиё 2050» конференциясида.

У, шунингдек, кўплаб мамлакатлар ўтган инқирозлардан кейин захиралари камайиб кетганини таъкидлади. Лекин унинг сўзларига кўра, охирги йигирма йилда Осиё иқтисодиётлари молиявий имкониятлари ва захираларини сезиларли даражада оширган.

Георгиева ХВФнинг баъзи аъзо мамлакатлар билан тўлов балансида ёрдам кўрсатиш бўйича музокара олиб бориши, зарурат туғилса дастурларни кенгайтириш ёки янгиларини йўлга қўйиши мумкинлигини айтди. Ҳозир ХВФ 50 мамлакат билан дастурларга эга ва керак бўлса уларни кенгайтиришга тайёр.

У сиёсий раҳбарларни нарх ва валюта курсларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиш ҳамда иқтисодий ўсиш даврида захираларни фаол тиклашга чақирди.

«Менинг маслаҳатим: номаълумлик ортиб бораётган вазиятда ишларингизни тез ва қатъий тарзда тўғрилаш учун барча имкониятларни ишга солинг», – деди ХВФ раҳбари.

Уруш фонида ошаётган энергия нахлари

АҚШ ва Исроил бомбардирловчи кампанияни бошлаганидан кейин, унга жавоб сифатида Эрон минтақага ракеталар билан зарба берди ва Ҳўрмуз бўғози орқали танкерлар ҳаракати деярли тўхтатилди.

Шу билан бирга, можаро бошлангандан сўнг Форс кўрфасидан ёқилғи экспорт қилиниши тўхтатилди, бу эса нефт, газ ва кўмир нархларининг ошишига сабаб бўлди.

Teglar

Mavzuga oid