Logo

Энг ораста хонадонларга солиқ имтиёзи берилади

Bugun 11:552 daqiqa

Ўзбекистонда ободонлаштириш ишларини рағбатлантириш учун янги тизим жорий этилади. Энди энг ораста хонадон ва файзли ҳовли эгалари солиқ имтиёзига эга бўлиши мумкин.

Энг ораста хонадонларга солиқ имтиёзи берилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан маҳаллаларда «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» эълон қилинди. Бу ҳақда 16-июл куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда ҳар бир вилоят ҳокими, уларнинг ўринбосарлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари биттадан туманни, туманлардаги масъуллар эса биттадан маҳаллани бир ой давомида назоратга олиб, кенг кўламли ободонлаштириш ва озодалик ишларини ташкил этиши белгиланди.

Бу жараённи мувофиқлаштириш учун бош вазир раҳбарлигида республика штаби ташкил этилади. Ҳудудларда эса штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Давлат раҳбари бу ташаббус бир ойлик акция эмас, балки йил давомида амал қиладиган умуммиллий ҳаракатга айланиши лозимлигини таъкидлади.

Солиқ билан рағбат

Президент меҳнатга муносиб рағбат бўлиши кераклигини қайд этди. Шу муносабат билан йил якунида «Энг ораста хонадон», «Энг файзли ҳовли», «Энг обод кўча» ва «Энг намунали маҳалла» номинациялари жорий этилади.

Танлов ғолиблари бўлган кўп қаватли уйлардаги квартира эгаларига мол-мулк солиғи бўйича, ҳовли-жой эгаларига эса ер солиғи бўйича имтиёзлар берилади.

Шунингдек, намунавий фаолият кўрсатган «маҳалла еттилиги» аъзолари мукофотланади ва уларнинг иш тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилади.

Янги вазифалар

Йиғилишда темирйўл атрофларини ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Тошкент—Хива темирйўл йўналиши бўйлаб 285 та маҳалла жойлашган бўлиб, ушбу йўналиш 45 та туман ҳудудидан ўтади.

Президент барча вилоят ҳокимларига бир ҳафта ичида магистраль автомобиль йўллари ва темирйўллар атрофидаги уй-жойлар ҳамда тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифасини юклади. Шунингдек, икки ҳафта муддатда мазкур ҳудудларни намунавий қиёфага келтириш бўйича аниқ дастур ишлаб чиқиб, амалий натижага эришиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу йиғилишда маҳалла «еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант берилиши ҳақида маълум қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid

Энг ораста хонадонларга солиқ имтиёзи берилади | Vaqt.uz