add

«Энг серқатнов Рождество»: авиация рекорд йўловчи оқимига тайёрланмоқда

Bugun 12:212122 daqiqa

Молиявий таҳлилларга кўра, жорий байрам мавсумида ҳаво қатновлари тарихий максимумга чиқади, 2026 йилда эса авиайўловчилар сони 5,2 млрддан ошиб кетиши кутилмоқда.

«Энг серқатнов Рождество»: авиация рекорд йўловчи оқимига тайёрланмоқда

Жаҳон авиация соҳаси ўз тарихидаги энг серқатнов Рождество мавсумига тайёргарлик кўрмоқда. Financial Times нашри ва OAG авиааналитик платформаси маълумотларига кўра, 15 декабрдан 4 январгача бўлган даврда дунё бўйлаб 300 млн нафардан ортиқ инсон ҳаво қатновларидан фойдаланади.

OAG прогнозларига кўра, йўловчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 фоизга ошади ва 309 млн нафарга етади. Асосий ўсиш Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Мексикадан чиққан йўловчилар ҳисобига тўғри келиши кутилмоқда.

Буюк Британия Фуқаро авиацияси бошқармасининг истеъмолчилар ва бозорлар бўйича раҳбари Селина Чадҳанинг таъкидлашича, қишки об-ҳаво хатарлари билан бирга юксак йўловчи оқими авиакомпаниялардан максимал даражада ишлашни талаб қилади.

Мазкур кўрсаткичлар Covid-19 пандемиясидан кейин авиация бозорининг деярли тўлиқ тикланганини кўрсатмоқда. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) прогнозларига кўра, 2026 йилда жаҳонда авиайўловчилар сони 5,2 млрд нафардан ошиб кетади. Шу билан бирга, авиация соҳасининг умумий фойдаси 2025 йилдаги 39,5 млрд доллардан 2026 йилда 41 млрд долларгача ўсиши кутилмоқда.

IATA бош директори Вилли Уолш буни «геосиёсий зиддиятлар, таъминот занжирларидаги узилишлар, ўсиб бораётган харажатлар ва регулятор босимига қарамасдан, жуда ижобий тенденция» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, авиакомпаниялар бизнес моделларига ташқи шокларга чидамлиликни жорий этишга муваффақ бўлган.

Рақамларга назар ташласак, 15 декабрдан 4 январгача Буюк Британиядан 9,6 млн нафар йўловчи парвоз қилади. Бу мамлакатни Европадаги энг йирик авиация бозорига айлантиради. АҚШда эса ушбу даврда 70 млн нафар инсон ҳаво қатновларидан фойдаланиши кутилмоқда.

Энг кўп йўловчи ташийдиган авиакомпаниялар қаторида American Airlines, Delta, United Airlines ва Southwest етакчилик қилади — ҳар бири уч ҳафта ичида 13 млн нафардан ортиқ йўловчи ташийди. Европа бозорида Ryanair 11 млн нафар йўловчи билан пешқадам бўлади.

Энг серқатнов аэропортлар сифатида Дубай ва Атланта қайд этилмоқда. Энг оммабоп авиайўналиш эса Жанубий Кореядаги Чежу–Сеул маршрути бўлиб, у ерда йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ошиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid