
Эрдўған Эрон атрофидаги ташқи аралашувлардан огоҳлантирди
Қоҳирада ўтган Миср етакчиси билан бўлган учрашувда Туркия етакчиси Теҳрон билан боғлиқ ҳар қандай ихтилофни, жумладан ядровий дастур масаласини фақатгина дипломатик мулоқот орқали ҳал этиш зарурлигини билдирди.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған расмий ташриф билан Қоҳирага келди ва Миср етакчиси Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан учрашди. Музокаралар давомида Эрдўған қўшни Эроннинг ички ишларига ташқи аралашув бутун минтақа учун жиддий хавф туғдиришидан огоҳлантирди. Туркия раҳбари Теҳрон билан боғлиқ муаммоларни, жумладан ядровий келишувни фақат дипломатик йўл билан ҳал этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
«Эрон билан боғлиқ масалаларни, жумладан, ядровий келишувни дипломатик усуллар билан ҳал қилиш энг мақбул йўлдир», - дея қайд этди Туркия етакчиси.
Музокара мавзулари
Икки давлат раҳбарлари минтақавий инқирозларни, хусусан, Ғазо секторидаги вазият, инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш ва ҳудудни қайта тиклаш жараёнларини диққат марказида тутишди. Шунингдек, Суриядаги вазият ва Вашингтон–Теҳрон йўналишидаги кескинликни юмшатиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Иқтисодий соҳада томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказишни стратегик мақсад қилиб белгилади. Стратегик ҳамкорлик олий кенгашининг йиғилишида Шарқий Ўрта ер денгизидаги энергетика лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги ва мудофаа саноатида шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида икки давлат ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ва Миср етакчиларининг сўнгги юзма-юз учрашуви Шарм аш-Шайхдаги "Тинчлик саммити" доирасида бўлиб ўтган эди.





