Эрдўған Туркий давлатлар иқтисодиётини бирлаштирмоқчи
Унга кўра, «Ўрта йўлак», Бокудан Нахчивонга ўтувчи йўналиш ва Каспий денгизи орқали ўтган маршрутларнинг ягона тизимга интеграция қилиниши савдо оқимларини кескин оширади.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған туркий дунёнинг улкан иқтисодий салоҳиятини очиш ва уни глобал миқёсда ўсиб бораётган қудрат марказига айлантириш бўйича стратегик қарашларини эълон қилди. Давлат раҳбари энергетика коридорлари, логистика йўналишлари ва рақамли инфратузилманинг ўзаро уйғун ривожланиши бу мақсадга эришишда асосий омил бўлишини таъкидлади.
Эрдўған ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт партияси (АТП) томонидан ташкил этилган «Туркий дунё қарашлари ҳужжати» тақдимотида чиқиш қилар экан, Анқаранинг Туркий давлатлар билан ташқи савдо айланмасини ўрта муддатда 60 миллиард долларга, узоқ муддатли истиқболда эса 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу стратегик кўрсаткичга эришишда транспорт ва логистика соҳасидаги стратегиялар муҳим ва ҳал қилувчи ўрин тутади.
Президентнинг таъкидлашича, Туркий дунё ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларини тезлаштириш учун муҳим коридорларни бирлаштириш лозим. Жумладан, «Ўрта йўлак», Бокудан Нахичивонга ўтувчи йўналиш ва Каспий денгизи орқали ўтган маршрутларнинг ягона тизимга интеграция қилиниши савдо оқимларини кескин оширади. Бундай тизимли ёндашув Туркий дунёнинг глобал миқёсда ўз иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашда асосий омил бўлади.
Эрдўған «Туркий дунё қарашлари ҳужжати» 61 та ўзаро боғлиқ кичик бандлардан иборат яхлит ва кенг қамровли ёндашувни шакллантирганини қайд этди. Ҳужжатнинг асосий бўлимлари иқтисодий интеграция, маданий ҳамкорлик, энергетика хавфсизлиги, транспорт тармоқлари, таълим ва ёшлар сиёсати каби жуда кенг кўламли масалаларни қамраб олган.
Туркия Президентининг алоҳида қайд этишича, барча бу саъй-ҳаракатлар ва режалар туркий давлатларнинг ҳозирда мавжуд бўлган, лекин тўлиқ очилмаган улкан салоҳиятини самарали рўёбга чиқаришга йўналтирилган. Мақсад бутун жараённи ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари ва афзалликларини максимал даражада ишга солишга қаратишдан иборат.
Эрдўған сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзаро қадамлар ва муносабатлар мамлакатлар ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлаётганини, шунингдек, белгиланган стратегик мақсадларга эришишни янада реаллаштираётганини таъкидлади. «Шундай қилиб, туркий дунё келажагига оид режалар мавҳум назарий таклифлар доирасидан чиқиб, амалий ва аниқ лойиҳаларга айланмоқда», — дея ўз нутқига якун ясади Туркия Президенти.
Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган асосий мустақил давлатлар, Президент Эрдўған сўзларида тилга олинган иқтисодий интеграциянинг асосий иштирокчилари Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон (кузатувчи аъзо) ҳисобланади.





