Logo

Эркинжон Турдимовнинг янги лавозимга тайинланиши, хусусийлашган Paynet ва талабалар ётоқхонаси сотилиши бўйича Давактив изоҳи — 9 октябрь дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Эркинжон Турдимовнинг янги лавозимга тайинланиши, хусусийлашган Paynet ва талабалар ётоқхонаси сотилиши бўйича Давактив изоҳи — 9 октябрь дайжести

Давактив «Paynet» сотилишига оид битим тафсилотларини маълум қилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) жамоатчиликка олдиндан эълон қилинмасдан амалга оширилган «Paynet» тўлов ташкилотининг хусусийлаштирилиши юзасидан расмий изоҳ берди. Агентлик директори Соҳибжон Муродовнинг маълум қилишича, 2024 йилнинг апрель ойида «Uzpaynet» компаниясининг 100 фоиз улуши қонунчиликда белгиланган механизмлар асосида «New Industrial Technologies» компаниясига ўтган.

Мазкур битим «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонунда белгиланган имтиёзли сотиб олиш (устуворлик) ҳуқуқи асосида амалга оширилган бўлиб, унда жамиятнинг бошқа иштирокчилари ўз улушини биринчи бўлиб харид қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Давактив раҳбари ушбу қонуний тартиб бошқа корхоналарда ҳам қўлланиши мумкинлигини қайд этиб, бундан буён хусусийлаштиришнинг мазкур усулларидан фойдаланилганда кенг жамоатчиликка албатта вақтида ахборот бериб борилишини таъкидлади.

«Ётоқхонани сотиш билан умумий ётоқхоналар сони камайиб қолмайди» — Давактив Низомий ётоқхонаси сотилишига изоҳ берди

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ётоқхонасининг сотилиши бўйича изоҳ берди. Унга кўра, мазкур бино фақатгина янги ётоқхона қурилиб, талабалар унга кўчирилганидан сўнггина хусусий секторга ўтказилади. Шунингдек, шартномада ётоқхона фаолиятини сақлаб қолиш талаби қатъий белгиланган бўлиб, бу жараён талабалар учун мавжуд турар жойлар сонининг камайишига олиб келмайди.

Ушбу ўзгаришлар университет ўқув биноларининг пойтахтдаги 7-9 та турли ҳудудларда тарқоқ жойлашгани ва бу талабаларнинг йўлга кўп вақт йўқотиб, турли қийинчиликларга дуч келаётгани билан асосланди. Таълим инфратузилмасини бир жойда жамлаш ва талабаларга қулайлик яратиш мақсадида 50 гектар ер ажратилган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳудудда янги ўқув биноси ҳамда талабалар турар жойи қурилиши олиб борилмоқда.

Пойтахт метроси учун 280 млн долларлик янги поездлар харид қилинади

Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши пойтахт метрополитенининг эскирган таркибларини янгилаш ва ортиб бораётган йўловчилар оқимига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 14 та беш вагонли (жами 70 та вагон) электропоезд харид қилиш концепциясини маъқуллади. Ушбу янги поездларни кредитлар ҳисобидан молиялаштириб, 2027 йилнинг 1 ноябригача учта партияда етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, қарз маблағлари давлат бюджети ҳисобидан қайтарилади.

Лойиҳа доирасида Хитой, Россия, Япония ва бошқа қатор давлатларнинг ишлаб чиқарувчилари таклифлари солиштирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати Хитойнинг «CRRC» компанияси таклифига кўра энг арзон — 118,3 миллион доллардан, Япониянинг «Kawasaki» компанияси вариантида эса энг қиммат — 279,1 миллион долларгача баҳоланган. Якуний етказиб берувчи ҳозирча аниқланмаган бўлиб, агар Россиядан бошқа ишлаб чиқарувчи танланса, қўшимча равишда камида 10,13 миллион долларлик янги депо ва техник хизмат кўрсатиш базасини қуриш талаб этилади.

Эркинжон Турдимов таълим ва илм-фан вазири бўлди

Бугун, 9 октябрь куни Эркинжон Турдимов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тасдиқланди. Ушбу тайинловга қадар у Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди. Турдимов кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларига ҳам раҳбарлик қилган.

Маълумот ўрнида, янги Таълим ва илм-фан вазирлиги 2026 йил 3 октябрда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари негизида ташкил этилган эди. Мазкур вазирлик мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва илм-фангача бўлган барча соҳаларда, шунингдек, касбий таълим ҳамда кадрлар малакасини ошириш йўналишларида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

KDB Bank Uzbekistan ўз улуши сотилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Корея тараққиёт банки (KDB) ўзининг шўъба корхонаси бўлган «KDB Bank Uzbekistan»даги улушини сотиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмаганини маълум қилди. Банк матбуот хизматининг расмий баёнотида таъкидланишича, муассаса бош компаниянинг доимий кўмаги остида ўз фаолиятини одатдагидек давом эттирмоқда ҳамда Ўзбекистон молия секторини ривожлантириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича стратегик мақсадларига содиқ қолади.

Маълумот ўрнида, мазкур банк 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, қатор ўзгаришлар ва қўшилишлардан сўнг 2013 йилдан бери «KDB Bank Uzbekistan» номи остида фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунда банк акцияларининг асосий қисми, яъни 86,32 фоизи бевосита Жанубий Корея ҳукуматига тегишли бўлган Корея тараққиёт банки назоратида бўлса, қолган улушга Ўзбекистоннинг Миллий банки (10,31 фоиз) ва «Туронбанк» (3,37 фоиз) эгалик қилади.

Teglar

Mavzuga oid

Эркинжон Турдимовнинг янги лавозимга тайинланиши, хусусийлашган Paynet ва талабалар ётоқхонаси сотилиши бўйича Давактив изоҳи — 9 октябрь дайжести | Vaqt.uz