«Ётоқхонани сотиш билан умумий ётоқхоналар сони камайиб қолмайди» — Давактив Низомий ётоқхонаси сотилишига изоҳ берди
Давлат активларини бошқариш агентлиги Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ётоқхонасининг сотилишига изоҳ берди. Янги ётоқхона қурилиб, талабалар у ерга кўчирилмагунча, мавжуд бинода уларнинг яшаши давом этади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ётоқхонасининг сотилиши ва талабалар турар жойлари билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.
Унинг айтишича, ётоқхона янги турар жой биноси қурилиб, талабалар у ерга кўчирилганидан кейингина хусусий секторга ўтказилади. Муродов бу ҳақда 8-октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди Vaqt.uz мухбири.
Ётоқхона фаолияти сақлаб қолинади
Агентлик директори ётоқхонанинг сотилиши талабалар учун мавжуд турар жойлар сонининг камайишига олиб келмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ётоқхона фаолиятини сақлаб қолиш талаби шартномада ҳам белгиланган.
«Бу ётоқхонани сотиш билан умумий ётоқхоналар сони камайиб қолмайди. Яъни фаолиятини сақлаб қолиш масаласи қўйилган ва шартномага ёзиб қўйилган», — деди Муродов.
Унинг қайд этишича, янги ётоқхона қурилиб, талабалар у ерга кўчирилгунга қадар мавжуд бинода яшаш давом этади. Ҳозирда ҳам савдо жараёнига қарамай, талабалар ётоқхонада истиқомат қилмоқда.
«Қачонки янги ётоқхона қурилиб, у ерга талабалар кўчирилгандан сўнггина бу ётоқхона хусусий секторга ўтказилади», — деди агентлик раҳбари.
Талабалар транспорт билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда
Муродов Тошкент давлат педагогика университетининг ўқув корпуслари пойтахтнинг турли ҳудудларида жойлашгани талабалар учун қийинчилик туғдираётганини таъкидлади. Унинг айтишича, университетнинг ўқув бинолари Тошкент шаҳрининг етти ёки тўққизта ҳудудида жойлашган.
«Энди Педагогика университетида мен битта қатъий локацияга қаратмоқчиман, биринчи навбатда. Тошкент шаҳрининг, адашмасам, етти ёки тўққизта жойида жойлашган. Яъни ўқув корпуслари Тошкент шаҳрининг ҳар битта жойларида жойлашган», — деди агентлик директори.
Унинг қайд этишича, талабалар ётоқхонадан Қўйлиқдаги ўқув биносига етиб бориш учун бир соат ёки бир ярим соат вақт сарфлайди. Йўлда бир нечта йўналишдаги жамоат транспортини алмаштиришга тўғри келади. Бу эса дарсларга ўз вақтида етиб бориш ва таълим олиш жараёнига таъсир қилиши мумкин.
«Эрталаб талаба ётоқхонадан чиқиб, Қўйлиқдаги бинога боргунча бир соат, бир ярим соат вақт кетади. Демак, у ердаги биринчи дарсга кечикадиган бўлса, унинг хаёли биринчи навбатда дарсга кечикмасдан етиб олишда бўлади. Унинг ўқишга ҳам диққати бўлмайди», — деди Муродов.

Агентлик раҳбари жамоат транспортидаги юклама ҳам ўқув йили бошланиши билан ортишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ёз ойларида транспорт қатновига талаб нисбатан кам бўлса, таълим муассасаларида дарслар бошлангач, вазият ўзгаради.
«Қолаверса, умумий кўчадаги ўша жамоат транспорти юкламасига қараган бўлсангиз, ёз ойларида унчалик кўп эмас. Асосий юклама таълим муассасаларимизда ўқиш бошлангандан кейин бошланади. Жуда ҳам катта қийинчиликларни биз кузатяпмиз ҳозирги кунда. У бўйича ҳам чора-тадбирлар амалга ошириляпти, лекин муаммоларимиз бор», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 2030 йилгача ҳамма талабалар эҳтиёжини қондирадиган даражада ётоқхоналар қуриб битказилишини айтган эди.
Янги ётоқхона учун 50 гектар ер ажратилган
Муродовнинг таъкидлашича, талабалар учун қулай шароит яратиш ва ўқув жараёни билан турар жой инфратузилмасини бир ҳудудда жамлаш мақсадида Тошкент шаҳрида 50 гектар ер ажратилган.
Ушбу ҳудудда янги ўқув биноси деярли қуриб битказилган, талабалар турар жойи қурилиши ҳам бошланган. Янги мажмуа ўқув бинолари ва талабалар турар жойини бир ҳудудда жамлаш орқали қатнов билан боғлиқ қийинчиликларни камайтиришга қаратилган.
Агентлик директори таълим инфратузилмасини бир жойда жамлаш талабалар учун қулай шароит яратишдаги муҳим ечимлардан бири эканини таъкидлади.
Маълумот учун, бир неча кун олдин пойтахтдаги бир нечта олийгоҳ, хусусан Техника университетига вилоятдан келиб ўқиётган 300 нафар талаба ётоқхона учун пул тўлаган бўлса-да, бир кун ичида бинодан чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу талаб ҳуқуқ идоралари ва университет маъмурияти томонидан қўйилган.
Масъуллар ҳолатни «давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмагани» билан изоҳлашганди. Айтилишича, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилиши маълум қилинган.
Талабалар ётоқхонаси сотилиши билан боғлиқ ҳолат
Аввалроқ Vaqt.uz 2022-2025 йилларда сотувга қўйилган талабалар ётоқхонаси бўйича суриштирув эълон қилган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бунга жавобан ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган айрим лотлар талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги ёртола, ошхона, буфет, ҳовли қисми ҳамда бошқа ёрдамчи майдонлардан иборат эканлигини айтган.
Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон миллий педагогика университетига тегишли объектларнинг оммавий савдога чиқарилиши Президентнинг ПФ–70-сон фармони асосида амалга оширилаётганини билдирди. Университетнинг мавжуд бинолари Янги Тошкентдаги янги кампус фойдаланишга топширилгандан кейингина бўшатилишини маълум қилган. Аммо айрим саволлар очиқ қолган эди.
Давактив агентлиги изоҳ берган масалалар

• «UzAuto Motors»ни сотиб олишга қизиқаётган үч давлат номи очиқланди. UzAuto Motors ва UzAuto Powertrain компанияларини хусусийлаштириш жараёнига АҚШ, Жанубий Корея ҳамда Хитой компаниялари қизиқиш билдирмоқда.
• «Ўзбекистон почтаси» АЖ атрофида «Wildberries» билан боғлиқ янги бошқарув модели ва 100 млрд сўмлик кредит масаласи муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) эса компания хусусийлаштирилмагани ва мазкур қарз олинмаганини маълум қилди.
• «Uzbekistan GTL» заводини хусусийлаштириш жараёни ва акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) бўйича дастлабки босқичлар бошланди. Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, айрим йирик халқаро молиявий ташкилотлар GTL заводининг IPOсида иштирок этиш бўйича агентликка расман мурожаат билан чиққан.
Теглар






