
Эрон АҚШга таҳдид қилди
Июндаги тўқнашувлардан сўнг Теҳрон ва Вашингтон яна уруш ёқасига келди. Теҳрон ҳар қандай ҳарбий зарбага «шафқатсиз» жавоб беришга тайёрлигини эълон қилди.

Эрон АҚШ билан муносабатлар кескинлашган бир шароитда мамлакатга берилиши мумкин бўлган ҳар қандай зарбага жавоб беришга илгаригидан кўра кўпроқ тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Теҳронда бўлиб ўтган ҳафталик матбуот анжуманида Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бағаий баёнот берди.
У ҳозирги вазиятни «гибрид уруш» деб тавсифлади ва ўтган йилнинг июн ойидаги 12 кунлик агрессияни ҳамда яқинда содир бўлган оммавий тартибсизликларни ёдга олди. Теҳрон ушбу воқеалар учун масъулиятни АҚШ ва Исроил зиммасига юкламоқда. Бағаий АҚШ Президенти Доналд Трампнинг баёнотларига ҳамда Америка ҳарбий кемаларининг Форс кўрфазига юборилгани ҳақидаги хабарларга таяниб, Вашингтон ва Тел-Авив томонидан давом этаётган таҳдидлар ва «асоссиз иддаолар»га эътибор қаратди.
«Қатъий ва оғриқли жавоб»
ТИВ вакилининг сўзларига кўра, минтақа давлатлари беқарорлик «юқумли» хусусиятга эга эканини ва у фақат Эрон билан чекланиб қолмаслигини яхши англаб туришибди. У қўшни давлатларнинг АҚШ ҳарбий зарбаси келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардан хавотирда эканини алоҳида таъкидлаб, уларни бу каби таҳдидларга қарши аниқ позиция эгаллашга чақирди.
«Эрон ўз имкониятларига ва ўтмишдаги қимматли тажрибасига таяниб, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тайёргарликка эга ва ҳар қандай эҳтимолий тажовузга ҳар томонлама, қатъий ва оғриқли жавоб қайтаради», - деди Бағаий.
Теҳрон ва Вашингтон ўртасида хабар алмашиш жараёни
Шу билан бирга, Эроннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ҳузуридаги доимий вакили Али Баҳрайний Теҳрон ва Вашингтон ўртасида хабар алмашиш жараёни (гарчи буни ҳозирча тўлақонли музокаралар деб атаб бўлмаса-да) давом этаётганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, агар АҚШ томонидан ҳақиқий тайёргарлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ёндашув бўлса, Эрон реал мулоқот ва музокараларга тайёр.
Баҳрайний Эрон зиддиятга интилмаслигини, бироқ у ташқаридан тиқиштирилган тақдирда, ундан бўйин товламаслигини таъкидлади. Дипломатнинг сўзларига кўра, Теҳрон 12 кунлик урушга қадар АҚШ билан мулоқотда бўлган, бироқ музокаралар жараёни Вашингтоннинг ҳаракатлари туфайли барбод бўлган. У Вашингтонни Исроилнинг Эронга қилган тажовузини рағбатлантириш, унга йўл қўйиб бериш ва бунда бевосита иштирок этишда айблади.





