Эрон энди кимнинг қўлида?

02.03.2026 | 12:412 daqiqa

Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгани ортидан Эронни вақтинча бошқариш учун уч кишилик кенгаш тузилди. Яқин кунлар ичида эса янги олий раҳнамо сайланади.

АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужамида Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Мамлакатни 36 йилдан бери идора қилиб келаётган раҳбарнинг ўлими ортидан энди нима бўлади деган савол кўпчиликни ўйлантимоқда.

Эрон қонунчилигига кўра, янги раҳбар сайлангунга қадар мамлакатни 3 кишилик вақтинча кенгаш бошқаради. Бу кенгаш таркибига президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсини Эжайи ҳамда Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси оятуллоҳ Али Ризо Арафи кирди.

Эрон Конституциясининг 111-моддасига мувофиқ, Конституция қўриқчилари кенгашининг бир ҳуқуқшуноси вақтинчалик раҳбарлик кенгашида иштирок этиши керак. Сиёсий мақбулликни аниқлаш кенгаши оятуллоҳ Али Ризо Арафини шу кенгаш аъзоси сифатида сайлади, шунда мамлакат бошқаруви узилишсиз давом эта олади ва Муттахассислар кенгаши имконият қадар тезроқ доимий раҳбарни сайлай олади.

67 ёшли оятуллоҳ Али Ризо Арафи нуфузли шиа диний арбоби сифатида қаралади ва Хоманаийнинг ишончли одами бўлган. Арафи Конституция қўриқчилари кенгаши ҳамда Олий раҳбарни сайлайдиган Муттахассислар кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Лекин бу фақат вақтинчалик бошқарув. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, 1-2 кун ичида Муттахассислар кенгаши янги олий раҳнамони сайлайди.

Али Лорижоний ҳам юзага чиқмоқда

Айни пайтда вақтинчалик кенгаш таркибига кирмаган Эроннинг тажрибали сиёсатчиси Али Лорижонийнинг номи ҳам тез-тез тилга олинмоқда. У ўтган йили хавфсизлик иерархиясидаги энг қудратли шахслардан бири сифатида яна майдонга қайтган эди. У ядровий музокаралардан тортиб Теҳроннинг минтақавий алоқаларигача ҳамда ички тартибсизликларни бостиришгача бўлган кенг қамровли йўналишларни бошқариб келган.

Август ойида Олий Миллий Хавфсизлик Кенгаши котиби этиб тайинланган Лорижоний фаолияти давомида Хоманаийга садоқати ва тизим ичидаги кўпинча ўзаро рақобатчи гуруҳлар билан амалий муносабат ўрната олиши билан танилган.

Лорижоний Москвага бир неча бор ташриф буюриб, президент Владимир Путин билан учрашган ва шу орқали Хоманаийга АҚШ босимига қарши мувозанат вазифасини ўтаётган муҳим иттифоқчи билан муносабатларни бошқаришда ёрдам берган.

У, шунингдек, Хитой билан музокараларни илгари суриш вазифасини ҳам бажарган ва бу 2021 йилда 25 йиллик ҳамкорлик келишуви имзоланишига олиб келган.

У 2005 йилда президентликка номзодини қўйган, аммо ғалаба қозона олмаган. Кейинчалик 2021 ва 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашмоқчи бўлган, аммо Қўриқчилар кенгаши уни турмуш тарзи стандартлари ва хориждаги оилавий алоқалар каби сабабларни келтириб, икки марта ҳам рўйхатдан ўтказмаган.

Teglar

Alibek Beyjanov

Alibek BeyjanovMaqolalar soni: 328

Barchasi

Mavzuga oid