add

Эрон ва АҚШ зиддиятлари фонида нефт нархи ошди

29.01.2026 | 14:152 daqiqa

АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий зиддият эҳтимоли кучайиши нефт бозорида таклиф хавфларини оширмоқда.

Эрон ва АҚШ зиддиятлари фонида нефт нархи ошди

Осиё савдоларида нефт нархлари 1,5 фоиздан ортиққа ошди ва кетма-кет учинчи кун ўсишни давом эттирди. Бунга АҚШ томонидан Яқин Шарқдаги йирик нефт ишлаб чиқарувчи давлат — Эронга нисбатан ҳарбий зарба берилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлмоқда.

«Reuters» хабарига кўра, «Brent» маркали нефт фючерслари баррели 99 центга ёки 1,5 фоизга қимматлаб, 69,39 долларга етди. АҚШнинг «West Texas Intermediate» нефти эса 1,06 долларга ёки 1,7 фоизга ошиб, 64,27 долларга етди. Иккала контракт ҳам душанбадан бери тахминан 5 фоизга ўсиб, 29 сентябрдан буён энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Нархларнинг ўсиши АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронни ядровий дастурини тўхтатишга мажбурлаш учун ҳарбий таҳдидларни кучайтириши ва АҚШ ҳарбий-денгиз гуруҳининг минтақага етиб келиши билан боғланмоқда. Эрон нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотида тўртинчи йирик ишлаб чиқарувчи бўлиб, кунига тахминан 3,2 миллион баррел нефт қазиб олади.

Манбаларга кўра, АҚШ маъмурияти Эрон хавфсизлик кучлари ва раҳбариятига зарба бериш вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу ички норозиликларни кучайтириш ва ҳозирги режимни заифлаштириш мақсадини кўзда тутиши мумкин.

Шу билан бирга, АҚШда нефт захираларининг кутилмаган камайиши ҳам нархларни қўллаб-қувватлади. Маълумотларга кўра, бир ҳафтада захиралар 2,3 миллион баррелга қисқарган. Айрим таҳлилчилар геосиёсий хавфлар сақланиб қолса, яқин ойларда «Brent» нефти 72 долларгача қимматлаши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШ билан муносабатлар кескинлашган бир шароитда мамлакатга берилиши мумкин бўлган ҳар қандай зарбага жавоб беришга илгаригидан кўра кўпроқ тайёр эканини маълум қилганди.

Teglar

Mavzuga oid