add

Эронда валюта курси қулаши ортидан оммавий норозиликлар кучаймоқда

06.01.2026 | 12:552 daqiqa

Эронда риал курси қулаши ва инфляция босими ортидан бошланган намойишлар 2022 йилдан бери мамлакатдаги энг оммавий чиқишлар деб баҳоламоқда.

Эронда валюта курси қулаши ортидан оммавий норозиликлар кучаймоқда

Эронда тўққиз кундан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишларида камида 35 киши ҳалок бўлди, 1200 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олинди. Бу ҳақда Deutsche Presse-Agentur (dpa) агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, декабр охирида бошланган норозиликлар камида 88 шаҳарни қамраб олган. Акциялар Эроннинг 31 вилоятидан 27 тасида қайд этилган бўлиб, айрим ҳудудларда хавфсизлик ходимлари намойишчиларга нисбатан куч ишлатган. Айниқса, кичик аҳоли пунктларидаги намойишлар кескин тус олгани қайд этилмоқда.

Бу ҳолат йирик шаҳарларда, жумладан Машҳад ва пойтахт Теҳронда янги чиқишларга туртки берган. Намойишларга мамлакат бўйлаб камида 17 та олий таълим муассасаси талабалари қўшилган. ОАВлар хабар қилишича, жавобан куч тузилмалари университет кампусларида рейдлар ўтказган. Умуман олганда, мамлакатда бошланган норозиликлар 2022 йилдан бери Эрон учун энг оммавийси бўлди. Ўшанда фуқаролар норозилигига 22 ёшли Маҳса Аминий «ахлоқ полицияси» томонидан ушланганидан сўнг вафот этгани сабаб бўлган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг 29 нафари намойишчилар, тўрт нафари болалар, икки нафари эса хавфсизлик кучлари ходимларидир.

Кўҳдешт шаҳридаги намойишда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га бўйсунувчи «Басиж» ҳарбийлаштирилган тузилмаси иштирокчисининг 21 ёшли аъзоси ўлдирилган.

5 январ куни суд ҳокимияти вакиллари намойишлар пайтида ҳибсга олинганларга нисбатан енгиллик қилинмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, 2025 йил давомида мамлакатда қарийб икки минг киши қатл этилгани айтилмоқда.

Норозиликларнинг асосий сабаби сифатида иқтисодий инқироз кўрсатилмоқда. 29 декабр куни риал тарихий энг паст даражага тушди, гиперинфляция эса аҳоли харид қобилиятини кескин пасайтирди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, октябр ойида Эронда озиқ-овқат инфляцияси 64,2 фоизга етган.

Аввалроқ Vaqt.uz Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакатда норозилик намойишлари назоратдан чиқса, Россияга қочиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Манбаларга кўра, хавфсизлик кучлари намойишларни тўхтата олмаса ёки буйруқларни бажаришдан бош тортса, амалга ошириладиган захира режа тайёр ҳолда турибди.

Teglar

Mavzuga oid